
Энди йиғламайлик!
Футбол бўйича Ўзбекистон Миллий терма жамоаси бугун "ЖЧ-2026" саралаши доирасида Қирғиз Республикаси билан куч синашади. Мазкур тўқнашув Тошкент вақти билан 21:00да старт олади. Шундан сўнг эса 25 март куни сафарда Эронга қарши майдонга чиқамиз. Бу қисқача маълумот эди. Энди эса муҳим беллашувлар олдидан мавзуйимизнинг бадиий қисмига ўтамиз.
Хуллас, бундан роппа-роса 8 йил аввал Ўзбекистон терма жамоаси худди ҳозиргидек Мундиалга чиқиш учун яхши имкониятга эга бўлиб турганди. Ўшанда Жанубий Корея терма жамоасининг энг кучсиз даврларидан бирига дуч келгандик. 6-турда Жанубий Корея кутилмаганда Хитойга 0:1 ҳисобида имкониятни бой берган. Афсуски, бизнинг термамиз ҳам бу имкониятдан унумли фойдалана олмай, Сурияга худди шу ҳисобда мағлуб бўлган.
7-турда Ўзбекистон (Қатарни) ҳам Жанубий Корея (Сурияни) ҳам худди шу ҳисоблар билан рақибларини таслим қилган.
8-турда рақибимиз анча жиддий ва гуруҳда йўқотишсиз ва ҳатто гол ўтказмай келаётган Эрон эди. Ҳа, форсларнинг бу жамоасига қарши ўша пайтдаги имкониятимиз билан яхши натижа қайд этиш мушкул эди. Якунда ҳам шундай бўлди ва Ўзбекистон терма жамоаси Карлуш Кейруш шогирдларига 0:2 ҳисобида мағлуб бўлган. Бизни хурсанд қилган жиҳат (ўша вақт учун) корейслар ҳам Қатарга 3:2 кўринишида имкониятни бой бериб қўйган.
9-турда Жанубий Корея учун қийин синов бўлиши, биз эса бу вазиятдан максимал фойдаланишимиз керак бўлган ҳолат вужудга келганди. Сабаби, корейслар гуруҳ лидерлари Эрон билан ўйнаши, биз эса Хитойга қарши сафарда майдонга чиқишимиз керак бўлган. Ҳа, кўпчилик Хитойга қарши учрашувни фойдаланилмаган эпизодлар билан яхши эслайди. Бикмаев ва Сергеевнинг ўта қулай вазиятларн кўкка совургани, Одил Аҳмедовнинг Сергеевдан уйғонишни сўрагани ва унинг учрашувдан кейин берган эмоционал интервьюси аксар ёши каттароқ мухлисларнинг кўз ўнгида гавдаланаётган бўлса керак. Биз ўшанда хитойликларга 0:1 ҳисобида мағлуб бўлиб, ўзимиз учун ўта қулай бўлган имкониятдан фойдалана олмаганмиз. Жанубий Корея эса Эрон билан дурангга имзо чеккан.
Сўнгги, 10-тур. Ўзбекистонда 12, Жанубий Кореяда эса 10 очко. Ҳа, ҳамон бизда имконият бор. Корейслар устидан ўз майдонимизда қозонилган ғалаба ва биз Мундиалдамиз. Бироқ ушбу тўқнашув 0:0 ҳисобида якунига этган. Қарангки, 9 тур давомида ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган Эрон сўнгги турда Сурия билан 2:2 ҳисобидаги дурангга имзо чеккан. Бу эса Ўзбекистонни ҳатто ўтиш ўйинида ҳам иштирок эта олмаслигини англатарди.
Анзур Исмоиловнинг "ёмон бўпти-ку", деган интервьюси, Хайрулла Ҳамидовнинг шарҳдан кейинги эмоциялари эсимда. Маълум лаҳза ўзбек футболи мухлислари сукутга чўмган, айримларнинг тилидан "ширин сўзлар" отилиб чиққан ва балки синган телевизорлар! Ҳа, охирги турда биз Мундиал масаласини ҳал қилмоқчи эдик. Жанубий Корея даҳшатли эмасди. Майли, кераксиз учрашувларда кўп очко йўқотдик. Бироқ битта ўйин билан ювиб кетса бўладиган ҳолат эди, аммо буни уддалай олмагандик. Самвел Бабаян бошчилигидаги вакилларимиз 13 очко билан 4-ўринда гуруҳни якунлаб, Мундиалсиз қолган. 2016 йил сентябрь бошларида кўз ёш тўккан халқ 2017 йил сентябрь аввалида ҳам йиғлаган, наздимда. Шахсан ўзим ҳам телевизорни ўчирганман ва қайта ёққанман. Балки бир марта ўчириб ёқсам, вазият ўзгариб қоладигандек. Шунчаки, карахт ҳолга тушганман. 15 ёшда эдим, йиғлаганман ҳам.
Шундан сўнг Қатардаги Мундиал саралашининг 3-раундига ҳам чиқа олмаганмиз. Яқин келмаганмиз, эмоциялар, интригалар бўлмаган. Шунчаки, ҳафсаламиз пир бўлганди, холос.
Ана энди орадан вақт ўтиб, биз Жаҳон чемпионатига чиқишга яқинмиз. Айтмоқчи бўлган гапим, ўшанда термамиз футболчиларида кучли босим, мухлисларнинг уларга нисбатан ишончсизлиги, ҳар бир хатти-ҳаракат учун ёпирилиб келувчи танқидлар авж олган палла эди. Кеча матбуот анжуманида Темур Кападзедан айнан ҳал қилувчи паллалар олдидан босим қай даражада эканлигини сўрадим. Сўнгги пайтларда футболимизда позитивлар анча кўпайди. Абдуқодирнинг "Сити"га ўтиши, Шомуродовнинг "Рома"даги ёрқин ўйинлари, Файзуллаевнинг таланти, Машарипов, Ўрунов, Алиқулов ва бошқа кўплаб футболчиларимизнинг юқори классда намойиш этаётган ўйини бизда футболимиз, айниқса термамизга нисбатан юксак ишонч шаклланишига сабаб бўлмоқда. Шунингдек, бош мураббий Кападзени ҳам халқ яхши кўради. Бир маротаба у футбол ишқибозларимизни росмана хурсанд қилган. Яна шундай қилишини ҳамма кутиб турибди. Йигитлар, балки буни ўқирсиз ёки ўқимассиз. Журналист сифатида ёзиш менинг бурчим. Биз айни вақтда Осиёнинг энг кучли жамоаларидан биримиз. Қаршимиздаги ҳар бир рақибни таслим эта оладиган даражада таркиб, шарт-шароит ва мухлисларнинг ишончи сизларда бор. Ҳал қилувчи паллада сиздан фақат ва фақат совуққонлик ва хотиржамликни сўраб қолган бўлардим. Ҳа, босимни ҳис қилмасдан ўйнашнинг иложи йўқ. Бироқ мен ва балки яна кўплаб мухлислар ана шундай босимдан чўчиб қолганмиз. У кучайган паллада бизда аксар паллаларда "синиш" кузатиларди. Бироқ мен ҳозирги йигитлар ва термамизни ҳар қандай катта босимни ўз потенциали ва жанговарлиги билан "синдириб" ташлай оладиган даражада, деб биламан.
Мухлислар етарлича кўз ёш тўккан. Улар ҳозир сизларни кўкка кўтармоқда. Футбол ичида юриб, комментлар ўқиб, инсонлар билан суҳбатлашиб, уларнинг фикри анча ўзгарганини ҳис қилдим. Ҳатто энди "таксист" акалар ҳам Ҳусановнинг "Сити"га ўтганини, Шомуродовнинг голларини, Файзуллаевнинг иқтидорини оғиз кўпиртириб мақтамоқда. Буларнинг барчаси сизнинг меҳнатингиз, ўз устингизда тинимсиз ишлаганингиз меваси. Сиз энди уларни яна ҳам хурсанд қилиш имконига эгасиз. Бу амалга ошишига катта ишонч бор ва заррача шубҳа қилмапямиз. Охир-оқибат, ўша Мундиалга чиқишимизни ҳис қилиб турибмиз. Мухлислар кўп бора алам ила кўз ёшлар тўккани рост. Энди йиғламайлик!
Карим Худайқулов мақоласи
Фикрлар