Файзуллаев “юлдузлик касали”га учрадими?
Аббосбек Файзуллаевнинг август ойида “Пахтакор”дан Москванинг ЦСКА клубига кўчиб ўтгани ўзбек футболчи учун ёздаги энг эътиборли трансферлардан бўлди.
Истеъдодли ёш футболчимиз қисқа фурсатди “армиячилар” сафидаги асосий фигуралардан бирига айланди. Ҳозир ЦСКА ҳужуми чизиғини 20 ёшли футболчисиз тасаввур қилиш қийин. Россиялик экспертлари Файзуллаев Премьер—лиганинг энг омадлик трансферларидан эканини таъкидламоқда.
Аббосбек қисқа фурсатда учта индивидуал совринни қўлга киритди. Файзуллаев ЦСКанинг сентаябрь ойидаги энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилди. “Армиячилар”нинг “Крилья Советов” ва “Спартак” жамоаларига қарши ўтказган баҳсларида учрашувнинг энг яхши ўйинчиси совринига сазовор бўлди.
Эндигина 20 ёшни қаршилаган футболчи фаолиятида юз бераётган ижобий ўзгариш ва ёрқин ўйинлар, эътибор ва эътироф унинг “юлдузлик касали”га учрашувига олиб келмайдими?
Аббосбек Файзуллаевнинг биринчи мураббийи Дмитрий Ан журналистлар билан суҳбатда бу масалага ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.
- Аббосбек хурсанд қиляпти, у жамоасига керак, ҳозир фойда келтиряпти. Унинг ҳозирги муваффақиятли ўйинлари ҳиссиётлар билан боғлиқ, деб ўйламайман. У бошқача характердаги футболчи.
Илгари биз халқаро турнирларда иштирок этганмиз. Мусобақаларда Чертанова академияси ва Тбилисидан жамоалар бўларди. Файзуллаев турли мусобақаларда ҳар доим энг яхши ўйинчи сифатида тан олинган. Аббосбек бу мусобақаларда мунтазам ўзини кўрсатиб келарди. Шунинг учун ҳам юлдузлик касалига мубтало бўлмайди.
Бир марта ўз устида ишлашни ва талабчанликни камайтирганида мен уни захира ўриндиғига ўтказиб қўйгандим. Бу Тошкент шаҳри биринчилигида бўлганди. Аббос 10-11 ёшли болакай эди. Ўшанла “юлдузлик касали”га чалинмаган, лекин ўйинида пасайиш бошланган. Захира ўтказиб қўйганимдан кейин ўзини ўнглаб олганди. Кейинги фаолиятида ўзини ишга тўлиқ бағишламаган ҳолат умуман кузатилмади, - деди Дмитрий Ан.
Аббосбек Файзуллаев “Пахтакор” тарбияланувчиси ҳисобланади. 2021 йили “шерлар”нинг асосий таркибига қабул қилинган.
Бир неча позицияда ўйнай оладиган ҳужумкор футболчимиз Ўзбекистон Суперлигасида умумий ҳисобда 33 та учрашувда еттита гол ва учта ассист муаллифи бўлди. Мамлакат кубоги доирасида учта баҳсда бир жуфт тўп киритди.
Осиё Чемпионар лигасида бешта беллашувда қатнашиб, рақиб дарвозасини бир бор ишғол қилди.
Аббосбек Файзуллаев легионер сифатида голлар ва ассистлар ҳисобни очишга улгурди. Россия Премьер-лигасида олтита ўйинда иштирок этиб, биттадан гол ва ассист қайд этишга муваффақ бўлди.
Легионеримизнинг сўнгги бир ойлик фаолияти унинг трансфер нархининг уч баравар кўтарилишига сабаб бўлди. Трансферларга ихтисослашган https://www.transfermarkt.world портали экспертлари Файзуллаевни 2 миллион еврога баҳолади.
Фикрлар