Файзуллаевдан Роналду ёки Мессини танлашни сўрашди
Жаҳон футболининг кейинги 15 йили давомида ўзаро рақобати билан футбол жамоатчилигида турган Лионель Месси ва Криштиану Роналду Европа майдонларини Килиан Мбаппе, Эрлинг Холанд, Жуд Беллингем каби ёш истеъдодларга ташлаб чиқиб кетди.
Криштиану Роналду 2023 йилнинг бошида Саудия Арабистонининг “Ан-Наср” жамоасига кўчиб ўтди. Бу трансфер тарихий аҳамият касб этди. Энди Роналду Европа футболининг машҳур ўйинчилари ва мураббийларига Осиё футболига йўл очган шахс сифатида эътироф этилади.
Лионель Месси сал бошқача қарор қабул қилди. Саудия Арабистонидан таклиф қилинган даҳшатли маошларга эътибор бермай, кутилмаганда АҚШга йўл олди. Аргентиналик юлдуз “Интер Майами” сафига бориб қўшилди.
Бу икки юлдуз гарчи жаҳон футболи чўққисидан секин-аста пастга тушаётган бўлса-да, ҳамон улардан қай бири зўрлиги ҳақидаги саволлар тингани йўқ.
ЦСКАда ўйнаётган Аббосбек Файзуллаев ҳам россиялик журналистлар томонидан айнан мана шу мавзуда савол-жавоб қилишига тўғри келди.
Саволлар қисқа, жавоблар лўнда бўлди.
- Мессими ёки Роналду?
- Албатта, Месси.
- Нега?
- Ўйин услубига кўра, - деди Аббос Файзуллаев.
Таъкидлаш жоизки, Аббос интервьюларида бир неча маротаба болалигидан “Барселона”га мухлислик қилиши, Лионель Мессининг ҳаракатларини томоша қилиб, унинг ўйин услубидан ўзига керакли жиҳатларни ўрганиши ва келажакда “Камп Ноу”да тўп тепиш орзуси борлигини таъкидлаган эди.
20 ёшли футболчимиз инглиз тилини яхши билишига қарамай, айни пайтда испан тилини ўзлаштирига ҳаракат қилаётгани бежиз эмас, албатта.
Криштиану Роналду ва Лионель Месси фаолияти давомида катта ютуқларни қўлга киритган. Ягона фарқ португалиялик ўйинчида жаҳон чемпионатининг олтин медали йўқ. Ҳар иккиси клублар миқёсида барча нуфузли турнирда бир неча маротабадан ғолиб чиққан, “Олтин тўп”ни ҳам кўп маротаба боши узра кўтарган. Терма жамоаси сафида қитъа чемпионатларида муваффақият қозонган.
Энди бу юлдузлари ўзлари танлаган янги қитъалар – Осиё ва Америкада футбол ривожига катта ҳисса қўшиш билан банд.
Фикрлар