Москванинг ЦСКА клуби ироқлик футболчи Али Жассим билан шартнома имзолаш вариантини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Ироқнинг махаллий нашрларидан бири “Irak Finance Media” хабар тарқатмоқда. 

Манбанинг маълумот беришича, "армиячилар" Жассимга трансфер суммаси сифатида 1 миллион еврони таклиф этмоқда. Аммо унинг айни дамдаги жамоаси “Аль-Қахрабо” бу суммани жуда кам деб ҳисобламоқда. Машҳур Трансфермаркт портали уни 450.000 еврога бахоламоқда. 

Ёдингизда бўлса, бу футболчи 2023 йил Тошкентда ўтказилган U-20 Осиё Кубоги пайтида чинакамига порлаган эди. Ўша мусобақадан сўнг жуда кўпчилик футбол мутаҳассислари уни ёрқин келажак кутммоқда деб ҳисоблаётганди. Аммо футболчи ана турнирдан кейин жуда кўп муаммолар гирдобига тушиб қолди. Жасим U 20 терма жамоасидаги ажойиб ўйинларидан сўнг, Бельгиянинг “Гент” клуби билан шартнома имзолашга яқин эди. Журналист ва инсайдер Фабрицио Романонинг сўзларига кўра, ўша пайтда “Гент” футболчи учун курашда Туркиянинг “Трабзонспор”ва “Антальяспор” клубларидан ҳам ўзиб кетганди. Бироқ, футболчининг ўзи Туркия чемпионатига кўчиб ўтишга қарор қилганди. 

2023 йил 20 июлда Али Жасим Туркия Суперлигаси вакили “Антальяспор” билан расман уч йиллик шартнома имзолади. Бироқ кутилмаганда клубда бор-йўғи икки кун бўлганидан сўнг тушунарсиз тарзда шартномасини бекор қилди ва Ироқнинг “Ал-Қаҳраба” жамоасига бориб қўшилди. Ҳуллас, хеч ким учун кутилмаган тарзда бошланган трансфер занжири шу тарзда якунланди. 

Энди эса, ЦСКА футболчини ўз сафига қўшиб олишни жиддий мақсад қилди. Лекин “армиячилар” бу масалани осонликча ҳал эта олмасликлари ойдинлашмоқда. Агар бу иш жиддий тус олиб, ҳақиқаттан ҳам Али Жассим ЦСКА сафига кўчиб ўтадиган бўлса, у ҳолда ҳамюртимиз Аббосбек Файзуллаевга жуда жиддий рақобатчи пайдо бўлади. Бу ҳабарлар фонида эса, келаси мавсум ҳам Файзуллаевни сотмаслигини маълум қилган рус клуби бу масалани яна ўйлаб кўриши мумкин. 

Воқеалар ривожини биргаликда кузатишда давом этамиз!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!