ФИДЕ Синдаровнинг мукаммал ўйинини эътироф этди
Халқаро шахмат федерацияси Самарқандда ўтаётган Жаҳон шахмат Олимпиадасининг иккинчи турида ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдаровнинг ёрқин ғалабасини алоҳида қайд этди.
Жаҳон чемпиони унвони учун бўлажак баҳсга даъвогар ҳисобланган Синдаров ушбу турда Ўзбекистон терма жамоасига етакчилик қилди. Рақиб сифатида майдонга чиққан Перу терма жамоаси устидан мезбонлар ишончли тарзда 3,5:0,5 ҳисобида зафар қучди.
ФИДЕ таҳлилида таъкидланишича, шу ўйинга қадар Синдаров деярли камчиликка йўл қўймасдан, 98 фоиз аниқлик билан ўйин намойиш этган.
Қўшимча пиёда устунлиги ғалаба учун етарли бўлиши керак эди — масалан, 31...Фа1 юриши шундай мантиқий давом этишлардан бири сифатида кўрсатилган. Бироқ даъвогар шунчаки ютишни эмас, балки кучли баёнот беришни истади.
Шу боис у кутилмаган ҳолда 31...Крf7!! каби фантастик юришни амалга оширди ва шу билан партия давомида иккинчи марта ўз фарзинни қурбон қилди», — дейилади ФИДЕ шарҳида.
Перу вакили Флорес Кильяс бу қурбонликни 32.Фxf1 юриши билан қабул қилди. Шундан сўнг Синдаров 32...Лh3!! орқали комбинацияни якунлаб, 33...h6 дан кейин рад этиб бўлмайдиган мот таҳдидини яратди. Бу вазиятда перулик шахматчи мағлубиятдан қочиш имкониятисиз қолди.

Фикрлар