ФИФА етакчи Европа клублари билан келиша олмаяпти
2029 йилга мўлжалланган клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати ўтказилиши савол остида қолди. Бунга сабаб – ФИФА етакчи европалик клублар билан мусобақада иштирок этиш борасида ҳали келишувга эриша олмаётгани.
Манбаларга кўра, асосий клублар билан келишувлар, шунингдек мусобақа тақвими ва формати бўйича аниқ ечимларсиз турнирни режалаштирилган муддатларда ўтказиш қийин. Ҳозирча чемпионатга мезбон давлат расман белгиланмаган. Мусобақани қабул қилишга қизиқиш билдирганлар орасида Австралия, Янги Зеландия, Бразилия, Германия, Мексика ва Англия тилга олинмоқда. Шу билан бирга, нашрлар энг эҳтимолий номзод сифатида Қатар ёки АҚШни қайд этмоқда.
Турнир ўтказилиши ва мезбон мамлакат бўйича якуний қарор ФИФАнинг миллий ассоциациялар, клублар ва бошқа манфаатдор томонлар билан олиб бораётган музокараларига боғлиқ бўлади.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилги клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати 14 июндан 13 июлгача АҚШда ўтказилган ва унда 32 жамоа иштирок этган эди. Мусобақада «Челси» ғолиб чиқди, финалда «Пари Сен‑Жермен»ни 3:0 ҳисобида мағлуб этди.

Фикрлар