ФР: Махситалиев ва Рашидов қайтди...

8 апрелдан эътиборан Биринчи лига баҳсларига старт берилади. Мусобақа 17 жамоа иштирокида 1 даврали форматда ўтказилиши режа қилинган. ЎзПФЛ матбуот хизмати қатнашчи клублар қайси футболчиларни рўйхатдан ўтказганини эълон қилди. Улар орасида яқин ўтмишнинг бир қанча таниқли номлари бор. Қуйида шу ҳақда.

photo_2023-03-28_21-20-29

Алишер Азизов — катта футболга "Пахтакор" орқали кириб келган тошкентлик ўйинчини унутмаган бўлсангиз керак. Ўзбекистон чемпионатидаги дебютини 17 ёшида нишонлаган, бўлиб ҳам илк ўйинида Александр Гейнрихни алмаштирган Алишердан умидлар катта эди.

azizov dordoy_1

2010 йилдан "шерлар" таркибида мунтазам ўйнай бошлаган вингер Олий лига баҳсларида 5та гол урди. У шу йили Чемпионлар Лигасида "Ал Шабаб" дарвозасини ҳам ишғол қилган эди. Кейинроқ "Пахтакор"ни тарк этиб, "Бухоро", "Андижон" ва "Обод" шарафини ҳимоя қилди. 2015 йилда 26 гол билан Биринчи (ҳозирги Про) лига тўпурарига айланди. Кейинроқ ўзини Қирғиз Республикаси, Омон ва Бангладеш чемпионатларида синаб кўради. 33 ёшли футболчи айни пайтда Тошкентнинг "Дўстлик" клуби учун ўйнаяпти.

Суҳроб Неъматов — Бухорода бу футболчини танимайдиган киши бўлмаса керак. Стандартларни қойилмақом ижро этиши-ю узоқ масофадан чап оёқда йўллайдиган кучли зарбалари билан эсда қолган Неъматов фаолиятининг катта қисмини вилоятнинг бош жамоаси сафида ўтказди. Унинг "Навбаҳор" дарвозасига майдон марказидан киритган тўпи жуда чиройли чиққан эди. Ўз вақтида "Насаф" ва "Сурхон" шарафини ҳимоя қилишга ҳам улгурган 37 ёшли ярим ҳимоячи энди Биринчи лигада "Нурафшон" учун ўйнайди.

547660_original

Мазкур жамоа таркибида, шунингдек, сиз "Навбаҳор", "Динамо", "Андижон" ва "Сурхон"даги ўйинлари орқали таниган Сардор Сулаймонов ҳам бор.

sar

Санжар Рашидов — "Сўғдиёна"даги ажойиб ўйинлари орқали мухлисларга танилган ярим ҳимоячи ўз вақтида жамоа сардорига ҳам айланган эди. Аммо унинг "Насаф" ва "Бунёдкор"даги фаолияти омадсиз чиқди. 29 ёшли Санжар ўтган мавсумни майдон ташқарисида ўтказиб юборишга мажбур бўлган эди. Яна катта майдонга қайтган Рашидовларнинг ўртанчаси жорий йилни "Жиззах"да ўтказади.

photo_2023-03-26_11-50-06

Мазкур жамоа таркибида, шунингдек, Суперлиганинг бир қанча жамоалари тўп сурган тажрибали Қаҳрамон Баҳодиров ҳам бор.

photo_2023-03-26_11-50-23

Аббосбек Махситалиев — бир пайтлар футболимизнинг келажаги сифатида қаралган, лекин миллий жамоагача етмасдан сўниб қолган "юлдуз". Мексикадаги кичик мундиал қаҳрамони Суперлигадаги сўнгги ўйинини 25 ёшида "Сурхон" либосида ўтказган эди (2019 йил). У ўша куни "Локомотив" дарвозасини ишғол ҳам қилган. Лекин шундан кейин катта саҳнадан йўқолиб қолди.

Махситалиев

Қисқа муддат Про лигадаги фаолият юритиб, бутсаларини михга осгани айтилган Аббосбек яна яшил майдонга қайтди. Сирдарёлик футболчининг янги клуби "Янгиер" бўлади. Омад тилаймиз!

Фахриддин Рўзиев

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Мехриддин Абдурахмонов
05/04/2023 22:38
Омад хаммасига.
&
Абдурахмон лидер
05/04/2023 21:08
Махситалиев хақиқатдан яхши ўйинчи эди.