Асосий мазмунга ўтиш

Футбол

ФР: "Насаф"нинг нохуш серияси тугайдими?

Odilbek Fayzullayev
Изоҳлар: 4

6 йил бўлди!

Суперлига 9-турининг марказий ўйини Қаршида ўтказилади. "Марказий" мезбонлик қиладиган учрашув стартига саноқли соатлар қолди. Кўплар бўлажак баҳсда ҳар икки томоннинг имкониятларини тенг баҳоламоқда. Биз эса ўзаро учрашувлар тарихига назар соламиз.

photo_2023-05-05_10-54-01

Бугун "Навбаҳор" Ўзбекистон чемпионати доирасида 53-бор "Насаф" билан тўқнаш келади. Ортда қолган ўйинларнинг аксари қашқадарёликлар фойдасига ҳал бўлган — 22:14.

IMG_4679

16 баҳсда ғолиб номига аниқлик киритилмаган. Тўплар нисбатида ҳам "аждарлар"нинг устунлиги қайд этилмоқда — 79:67. Мазкур жамоалар тўқнашувидаги энг йирик ҳисоб 6:0 ҳисобланади. "Навбаҳор" рақибини 2004, "Насаф" эса 2016 йилда шундай ҳисоб билан таслим қилган.

IMG_4578_1

"Насаф" Ўзбекистон кубогининг охирги финалида "Навбаҳор"ни мағлуб этгани ёдингизда бўлса керак. Аммо Рўзиқул Бердиев шогирдлари Суперлигада бу ишни анчадан бери амалга ошира олгани йўқ. Аниқроқ айтадиган бўлсак, "аждарлар" Наманган клуби устидан сўнгги бор 2017 йилги мавсумнинг биринчи даврасида зафар қучган. Ўша куни Драган Черан, Шаҳбоз Эркинов ва Акмал Шораҳмедовнинг голлари "Насаф"га йирик ғалаба тақдим қилган эди.

IMG_4711

Шундан кейин Суперлига доирасида ўтказилган 11 ўйиннинг 4таси "Навбаҳор" фойдасига ҳал бўлди, қолганлари дуранг билан якунланди.

IMG_4594_1

Янада ёмон тарафи "Насаф" футболчилари 5 ўйиндан бери "Навбаҳор" дарвозасига йўл топа олишмаяпти. Нима деб ўйлайсиз, "аждарлар"нинг нохуш анъанаси бугун тугайдими?

Фахриддин Рўзиев

Улашиш
SPORTS.uz'нинг Telegram'даги каналига аъзо бўлинг!

Изоҳлар (0)

Ҳозирча изоҳлар йўқ