ФР: "Навбаҳор" қарзга кириб кетяптими?
Бу ҳақда SPORTS.uz журналисти Фахриддин Рўзиев хабар берди:
"Суперлига 5-турининг марказий учрашуви ортда қолди. "Жар" стадионида ОКМК меҳмони бўлган "Навбаҳор" футболчилари ортга қуруқ қўл билан қайтишяпти. Афсуски, наманганлик футбол мухлислари учун яна бир нохуш хабарни етказишга мажбурмиз.
Афтидан, жамоанинг айни пайтдаги молиявий ҳолати яхши эмас. Александр Касьяннинг ижараси учун ОКМК ҳисоб рақамига 15 декабргача ўтказилиши керак бўлган сумма ҳалигача тўлангани йўқ. "Сўғдиёна"га Дониёр Абдуманноповнинг трансфери учун ўтган йилнинг 1 октябрь кунига қадар тўланиши керак бўлган сумма ҳам ҳозирча ўз манзилига етиб бормаган. Жамоанинг айрим собиқ футболчилари, хусусан, бу йил "Янгиер"га кўчиб ўтган Тоҳир Рафаелов ўз ҳаққини ундириб беришларини сўраб, ЎФАга арз қилди. Шунингдек, клуб айни пайтда жамоада ишлаётган мураббийлар штаби ва футзалчилардан қарз бўлиб қолгани айтилмоқда. Ҳатто, "Навбаҳор" футзал жамоаси етарлича либослар билан таъминланмагани учун Олий лига баҳсларида бир неча бор муаммога дуч келди...
Ўтган ҳафтада "Касьян иши" ЎФАнинг тегишли қўмитаси томонидан кўриб чиқилди. Унда Наманган клубидан ҳеч ким қатнашмаган. Якунда "Навбаҳор"га 20 кун муддат берилди. Агар шу вақт ичида юқоридаги муаммо ҳал қилинмаса, "лочинлар"га ёзги трансфер ойнасида таъқиқ қўйилади.
Умид қиламизки, "лочинлар" раҳбарияти берилган вақтдан унумли фойдаланишади", — дейилади "ФР| футбол АНАЛИЗИ" каналида.
Фикрлар