Футболчиларимизнинг нархи ошмоқда!
Coca-Cola Суперлига мусобақасининг биринчи давраси якунланди. Ҳатто халқаро майдонлардаги беллашувларга тайёрланаётган амалдаги чемпиони “Пахтакор” имкониятдан фойдаланиб, иккинчи давранинг биринчи учрашувини ҳам ўтказиб олди. Албатта, чемпионат карвони пандемия туфайли бир неча мажбурий тўхталишлар билан бўлса-да, биринчи даврани муваффақиятли якунлаб олгани қувонарли. Амалда чемпионлик, совринли ўринлар ва лигада қолиш учун курашадиган жамоалар тобора сараланиб бормоқда.
Sports.uz сайти Coca-Cola Суперлига ўйинлари олдидан чемпионатимизда тўп сураётган энг қиммат футболчилар ҳақида маълумот беришга қарор қилди. Мақолага трансфер масалаларида бутун дунё клублари фойдаланадиган transfermarkt порталининг футболчиларнинг нархларини янгилаган маълумотлари асос қилиб олинди.
Мазкур сайт маълумотларига қараганда, миллий чемпионатимиз юқори дивизионида ўйнаётган футболчиларнинг умумий трансфер суммаси 77,18 миллион еврони ташкил қилмоқда. Бу сумма пандемия даврида оз бўлса-да, қарийб 4 миллион еврога кўтарилганини кўришимиз мумкин.
Энг қиммат футболчилар рўйхатида “Пахтакор” ярим ҳимоячиси Жалолиддин Машарипов етакчилик қилмоқда. Трансфер маълумотлари порталида Жалолиддиннинг нархи 1,40 миллион евродан 1,80 миллионга ошди. Бу 26 ёшли футболчининг трансфер нархи фаолиятида қайд этилган энг юқори кўрсаткичга етди.
“Пахтакор”нинг ҳақиқий плеймейкерига айланиб олган футболчимиз хорижда тўп суришни орзу қилади. Йилнинг биринчи ярмида унга Туркиянинг “Трабзонспор”идан таклиф бўлганди. Ўйинчини ўзида сақлаб қолиш мақсадида “Пахтакор” бу сўровга жиддий эътибор қаратмади. Дарҳақиқат, Осиё чемпионлар лигасида “Пахтакор”нинг муваффақиятли иштирок этиши айнан Машариповнинг ўйинига боғлиқлиги ҳам сир эмас.
Ўзбекистон миллий терма жамоасида 28 та ўйинда 2 та гол урган Жалолиддин Машарипов жорий мавсумда “шерлар” сафида 2 та гол ва иккита голли пас муаллифи бўлди.
Чемпионатимизнинг энг қиммат ўйинчиларидан бири – “Пахтакор” ҳужумчиси Игорь Сергеевнинг аввалги нархига яна 200 минг қўшилиб, ҳозирги суммаси 1,50 миллион еврога баҳоланмоқда. Миллий терма жамоа сафида 51 та ўйинда 15 та гол урган футболчининг энг баланд трансфер нархи бундан тўрт йил олдин 2 миллион еврогача чиққан эди. Сергеев миллий чемпионатда яна тўпурарлик маҳоратини намойиш этмоқда. У бу йилги чемпионатда рақиблар дарвозасига жами 11 та тўп киритиб, бу кўрсаткич бўйича иккинчи ўринда бормоқда.
“Пахтакор”нинг истеъдодли ярим ҳимоячиси Достонбек Ҳамдамовнинг трансфер суммаси 725 мингдан 900 минг еврога кўтарилди ва у энг қиммат футболчиларимиз орасида учинчи ўринга кўтарилиб олди. У бу йилги Суперлига баҳсларида рақиблар дарвозасига тўрт марта йўл топа олди.
Кейинги йилларда “Пахтакор”га катта фойда келтираётган сербиялик ҳужумчи Драган Чераннинг ўйини тобора очилиб бораётганига қарамай, трансфер суммаси пасаймоқда. Бу унинг ёши ўтиб бораётгани билан боғлиқ бўлиши мумин.
Аслида Чераннинг фаолияти давомида энг баланд нархи 1,2 миллион евро бўлган. Ҳозирча пасайиш давом этмоқда. У ўтган рейтингдаги суммадан 100 минг еврога арзонлашди ва бугунги кунда 850 минг еврони ташкил қилмоқда. Шу сабаб, Драган кучли учликдаги ўрнини жамоадоши Достонбек Ҳамдамовга бўшатиб берди.
Лекин Чераннинг натижалари юқорига қараб ўсиб бораётганини алоҳида таъкидлаш керак. Тажрибали ҳужумчи “Пахтакор” голларидан 13 тасига муаллифлик қилди ва тўпурарлар ўртасида пешқадамлик қилмоқда.
Шунингдек, “Пахтакор”нинг муваффақиятли ўйинлари таъсирида Одил Ҳамробеков ва Фаррух Сайфиевнинг трансфер суммаси 750 минг еврога, Егорь Кримец, Сардор Собирхўжаев, Ҳожиакбар Алижонов ҳамда дарвозабон Элдор Суюновнинг нархи 700 минг еврогача кўтарилди.
“Навбаҳор”нинг энг қиммат футболчиси Игорь Голбан ва АГМК легионери Йован Жокичнинг ҳам трансфер нархи бугунги кунда ижобий томонга ўзгариб, 700 минг еврони ташкил қиляпти.
Нархи пасайиб кетган футболчилар орасида Темурхўжа Абдухолиқовни кўрсатиш мумкин. Ўтган рейтингда трансфер суммаси бўйича кучли учликка даъвогар бўлган марказий ҳужумчининг нархи 250 минг еврога арзонлаб, айни пайтда 700 мингга тўғри келмоқда.
Европа футболида профессионал даражада ўйнаган Эрен Дердийокнинг трансфер суммаси ҳам кўпчиликни қизиқтираётган бўлиши табиий. Ўз вақтида Швейцария, Германия ва Туркиянинг турли жамоалари тўп сурган ва трансфер суммаси 10 миллион еврога етган ҳужумчининг хизматлари бугунги кунда transfermarkt портали мутахассислари томонидан 400 минг еврога баҳоланмоқда. Эрен бу йил “Пахтакор” учун еттита гол уришга эришди.
Фикрлар