Футзалчиларимиз "ТОП"!
Гватемала билан ўйиндан сўнг, барчада турли хил фикр пайдо бўлди. Кимдир йигитлардан хафа бўлган бўлса, яна баъзилар оғир мағлубият сабабли тушкун кайфиятда.
Тўғриси, мундиалнинг илк ўйинидан кўнглим тўлди. Кимгадир бу гапим ғалати эшитилиши мумкин, аммо рост. Йигитларга бугунги матонат, ха, паркетдаги "жанг" учун алоҳида раҳмат. Мухлислар бугунги аламли натижани оғир қабул қилгани рост, бироқ танганинг иккинчи томони борлиги ёдимиздан чиқиб қолмоқда.
Бизда бирорта футзал мактаби йўқ эканлигидан хабарингиз борми? Ички чемпионатимиздаги молиявий аҳволданчи? Бир неча йил олдин ушбу спорт юртимизда тўлиқ тугатилишига оз қолганиданчи? Ўша узилишнинг асорати қай даражада эканлигидан-чи?
Кимдир турнир олдидан ўтказилган ўртоқлик учрашувларини писанда қилиши мумкин, бироқ ҳеч қандай тизимсиз футзалимиз 7 ойда натижа беришини кутиш қанчалар адолатли? Туркманистонда бўлиб ўтган ёпиқ иншоотлардаги бронза медалига эга чиққанимиз ёдингиздами? Ўша турнир олдидан футзалчиларимизга Юнусобод туманидаги аренадан фойдаланишга ҳам рухсат берилмаган. 3-4 йил аввал шундай оғир кунларни бошдан ўтказганига қарамай, футзалимиз фидойилари бугун дунёнинг энг кучли терма жамоалари қаторида Литвага ташриф буюрди. Шунинг ўзи энг катта ғалабамиз аслида.
Натижа-чи, дейсизми? Aгар ҳаммани енгиб плей-оффда тўп суришни истасак, марҳамат Қозоғистон, Озарбайжон, Россия сингари жанубий америкаликларни термага жалб этайлик! Улар келишади ва миллионлаб долларлар эвазига натижа қилиб беради. Иши битгач, қопдаги пулни орқалаб юртига жўнаб қолади. Бундан биз нима ютамиз? Ҳеч нарса! Сиз бугун сўнгги сонияларгача паркетда кураш олиб борган ўзимизнинг қоракўз йигитларни клубида ойига 2-3 миллион сўм эвазига тўп суришидан хабарингиз борми?
Aслида, мундиалда иштирок этишдан мақсад нима? Бирламчи вазифа ушбу спортнинг юртимиздаги ривожи! Унга бўлган, эътиборнинг ортиши.
Шахсан мен бугунги ўйин учун йигитларга миннатдорчилик билдираман. Гуруҳда қолиб кетишимиз, Гватемалага енгилганимиз, сўнгги дақиқада тўп ўтказиб юборганимиз ва бошқа кўплаб омиллар жамоамиз ҳақидаги фикрингизга таъсир қилмасин. Aсосийси, йигитлар кўзида ёнган олов! қолгани "копейка"!
Яҳёхўжа Улуғхўжаев
Фикрлар