Гарначо "Челси"дан бошқа клубга ўтди
«Астон Вилла» расмий сайтида хабар қилишича, клуб «Челси» ярим ҳимоячиси Алехандро Гарначони бир мавсумлик ижара асосида ўз сафига қўшиб олди.
Маълумотга кўра, 22 ёшли аргентиналик футболчи 2026/27 йилги мавсумни Бирмингем жамоаси таркибида ўтказади.
Гарначо профессионал фаолиятини «Манчестер Юнайтед»да бошлаган. У «Олд Траффорд» клуби таркибида 144 та ўйин ўтказганидан сўнг, 2025 йил ёзида «Челси»га ўтган. У қанотда ҳам, марказий ҳужумчи ортида ҳам бирдек ўйнай олади. Ўтган мавсумда Гарначо лондонликлар сафида 43 та ўйинда майдонга тушиб, 8 та гол урган.
Аргентина терма жамоаси таркибида саккиз марта майдонга тушган вингер 2024 йилда ФИФАнинг Пушкаш номидаги мукофотига сазовор бўлган. Ушбу совринни футболчи «Эвертон»га қарши ўйинда урган таъсирли акробатик зарбаси учун қўлга киритгани клуб баёнотида таъкидланган.

Фикрлар