Гави 21 ёшида катта ишни уддалади
Испания терма жамоаси ва "Барселона" ярим ҳимоячиси Гави 21 ёшида икки жаҳон чемпионатида майдонга тушган олтинчи футболчи сифатида тарихга кирди.
Бу ҳақда ижтимоий тармоқдаги OptaJoe саҳифасида хабар берилди.
15 июнь куни мундиалнинг гуруҳ босқичи 1-турида Испания терма жамоаси Кабо-Верде футболчиларига қарши баҳс олиб борди. Учрашув 0:0 ҳисобида якунланди.
Асосий таркибда майдонга тушган Гави шу тариқа 21 ёшида икки жаҳон чемпионатида ўйнаган олтинчи футболчига айланди. У аввал 2022 йили Қатарда ўтган мундиалда ҳам иштирок этган эди.
Бу рўйхатдан Пеле (Бразилия), Норман Уайтсайд (Шимолий Ирландия), шунингдек, Ригобер Сонг, Саломон Олембе ва Самуэль Это’О (учаласи ҳам – Камерун терма жамоаси) ўрин олган.
Гави ҳозирга қадар Испания терма жамоаси сафида 31 ўйин ўтказиб, 5 та гол урган. "ЖЧ–2026" гуруҳ босқичининг кейинги турларида Испания 21 июнь куни Саудия Арабистони, 27 июнь куни эса Уругвай терма жамоасига қарши майдонга тушади.

Фикрлар