Германиянинг яширин "қуроли"
Германия "Евро-2024"нинг 3-турида Швейцарияга қарши майдонга тушиб, 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади. Дастлаб Ндойе жамоасини олдинга олиб чиқди, лекин 90+2-дақиқада захирадан майдонга тушган Фюллькруг немисларни мағлубиятдан қутқариб қолувчи голни урди. Камига бу гол орқали Нагельсманн шогирдлари гуруҳдаги пешқадамликни сақлаб қола олди.
Никлас Фюллькруг ушбу чемпионатда энг кам ўйнаб, энг кўп гол урган футболчига айланиб олди. У 3 та баҳсда ҳам асосий таркибга кира олмади ва сўнгги дақиқаларда майдонга туширилди. Шунингдек, "Боруссия" страйкери икки марта рақиб дарвозасини ишғол қилди. Дастлабки голи эса шунчаки ажойиб эди. Иккинчиси эса жуда ҳам керакли пайтда урилди.
Биламизки, немислар учун сўнгги йирик турнирлар кўнгилдагидек ўтаётгани йўқ. Жамоа 2018 ва 2022 йиллар ЖЧ гуруҳ босқичидан уйга равона бўлди, 2021 йилда эса Англияга мағлуб бўлиб, Евродаги юришини тўхтатганди. Мана шу ўйинлардаги жамоанинг энг катта камчилиги бу керакли пайтда ҳужумларни якунлай олмаслигида эди. Бугун эса Никлас биринчи уринишидаёқ буни уддалай олди. У ўйин давомида бир маротабагина зарба беришга муваффақ бўлди холос.
Германия бу турнирни номинал ҳужумчисиз бошлади. Кай Хаверц марказга ўтказилиб, ундан яширин тўққизлик сифатида фойдаланилмоқда. Бу ўз навбатида катта ўйинларда жамоага панд бериб қўйиши ҳам мумкин. Аниқса, биринчи гол ўтказиб юборилса, жавоб қайтариш қийин бўлади. Шундай ҳолатни биз "Реал"нинг "Бавария"га қарши иккинчи учрашувида кўргандик. Ўшанда захирадан майдонга тушган Хоселу ҳаммасини ҳал қилиб кетганди.
Германиянинг Хоселуси бу Фюллькругдир. Ундан ҳеч ким ҳеч нарса кутмаган жойида голлар уриб кетишини гуруҳ ўйинларида кўрдик Энди плей-офф босқичида ҳам ҳужумчи катта саҳнага чиқиши мумкин.
Фикрлар