Гукеш кунига неча соат шахмат билан шуғулланади? Унинг хотиржамлик сири нимада? (Интервью)
Таниқли ҳиндистонлик шахматчи Гукеш Доммаражу ўзининг "X" саҳифасида обуначиларни қизиқтирган саволларга жавоб берди:
— Агар шахматчи бўлмаганингда, нима билан шуғулланган бўлардинг?
— Эҳтимол, индивидуал спорт турини танлардим — теннис ёки бадминтон.
— Жаҳон чемпиони бўлсанг ҳам қандай қилиб камтарликни сақлаб қоляпсан?
— Ўйлайманки, ҳеч кимни ранжитмаслик ва қўлимдан келганича ишимни энг яхши даражада қилиш муҳим. Баъзан бу қийин бўлади, лекин ҳаракат қиламан.
— Агар муваффақият формулангни бир жумла билан айтиш керак бўлса, нима дердинг?
— Ҳеч қачон таслим бўлма.
— Сен учун қайси бири муҳимроқ — интуициями ёки ҳисоб-китоб?
— Ўйлайманки, ҳар бир қарорда иккаласи ҳам бирга ишлайди. Айрим ўйинчиларда бири устун келади, айримларида иккинчиси. Менда эса, эҳтимол, вариантларни ҳисоблаш одати кўпроқ ишлайди.
— Шахматчилар орасида кўрган энг ғалати ирим-сириминг нима?
— Кимнидир юриш қилишдан олдин қўлини фигура устида бир неча бор муаллақ ушлаб турганини кўрганман.
— Қандай турнир муҳити сенга максимал даражада ўйнашга ёрдам беради — тинч залларми ёки шовқинли?
— Бу кўпроқ кайфиятга боғлиқ, атмосферага эмас. Очиғини айтсам, Олимпиадалардаги каби катта залларда кўп ўйинчилар билан ўйнаш завқлироқ.
— Бугунги кунда шахматда қайси кўникма кўп эътибордан четда қолади?
— Эҳтимол, эндшпиль. Аниқ эмас, лекин шундай деб ўйлайман.
— Ўтмишингдаги қайси партия ҳануз сенга нимадир ўргатади?
— Ҳар бир партия нимадир ўргатади, лекин энг эсда қолгани — Номзодлар турнирида Алиреза Фирузжга қарши 7-тур бўлган.
— Шахмат тахтаси олдидаги энг қийин қароринг қайси бўлган?
— Ҳар бир партияда қийин қарорлар бўлади, лекин энг қийини — Загребда Магнус билан дурангга рози бўлганим эди.
— Илгари ёқтирмаган, аммо ҳозир яхши кўрадиган дебютинг борми?
— Қизиқарли савол… Эҳтимол, каталон бошланиши.
— Компьютер билан мунтазам ишлаш сени кўпроқ ижодкор қиладими ёки тасаввурингга тўсқинлик қиладими?
— Движоклар билан машғулотнинг ҳам плюс, ҳам минуслари бор. У янги ғояларни ўрганишга ёрдам беради ва тайёргарликни осонлаштиради, лекин жуда чуқур кетилса, креативликнинг бир қисмини “ўлдириши” мумкин.
— Партиядан олдин қандайдир одатинг борми?
— Одатда, бироз медитация қиламан.
— Сенингча, бир кун келиб дунёда биринчи рақамга айланасанми?
— Шунга эришиш учун бор кучим билан ҳаракат қиламан. Бу содир бўладими-йўқми, барибир қилган меҳнатимдан мамнун бўламан.
— Яқин вақтларда онлайн-турнирлар ёки бошқа шахмат тадбирларини стрим қилишни режалаштираяпсанми?
— Йўқ, бундай режаларим йўқ ва ростини айтсам, бу қачондир бўлади, деб ҳам ўйламайман. Бироқ шахмат учун кўп иш қилаётган ажойиб контент-мейкерлар жуда кўп!
— Бу йилги Номзодлар турнири иштирокчилари рўйхатидан ҳайратландингми? Титулни ҳимоя қилиш учун тайёргарликни қачон бошлайсан?
— Хайратланарли ҳеч нарса йўқ, деб ўйлайман: ҳамма имконият олди ва ундан фойдаланди. Спортнинг моҳияти ҳам шунда — “мен кучлиман, демак мен бу ерда бўлишим керак” деб бўлмайди. Майдонга чиқиб, натижа кўрсатиш керак ва у ердаги йигитларнинг барчаси шуни қилди! Мен эса ҳозир ўз устимда ишлаяпман ва яхшироқ бўлишга ҳаракат қиляпман.
— Кунига одатда неча соат шахмат билан шуғулланасан? Агар ўша куни партиянг бўлса, бу ўзгарадими?
— Одатда, тахминан олти соат. Лекин ўша куни партия ўйнасам — албатта камроқ, чунки партиянинг ўзи бир неча соат давом этади ва энергияни сақлаш керак.
— Жаҳон чемпиони бўлганингдан сўнг қўшимча босим сезяпсанми?
— Албатта, қўшимча босим бор, мен буни ҳис қиламан. Лекин карьерамда ҳар бир янги босқичда — эртами, кечми — мослашганман ва бу сафар ҳам худди шундай бўлишига ишонаман!



Comments