Гуруҳдаги рақибимиз сўнгги назорат учрашувини ўтказди

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

"Жаҳон чемпионати–2026"га тайёргарлик доирасида Конго Демократик Республикаси терма жамоаси Чили футболчиларига қарши назорат учрашуви ўтказди.

Беллашув Испаниянинг Кадис шаҳрида жойлашган "Ла Линеа" стадионида бўлиб ўтди. Биринчи бўлимда томонлар дарвозаларни ишғол эта олмади. Танаффусдан сўнг эса ташаббус чилиликлар томонига ўтиб, улар рақиб дарвозасини икки бор ишғол қилишга муваффақ бўлди.

Ҳисоб 52-дақиқада Лукас Сепеда томонидан очилди. Ортидан Матиас Сепульведа Жанубий Америка жамоасининг устунлигини оширди. Конго сафида ягона голга Йорис Каямбе муаллифлик қилди. Шу тариқа ўйин Чилининг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

Эслатиб ўтамиз, Конго Демократик Республикаси миллий терма жамоаси жаҳон чемпионатида Ўзбекистон футболчиларининг гуруҳдаги рақибларидан бири ҳисобланади. Африка жамоаси "K" гуруҳида Португалия, Колумбия ва Ўзбекистон миллий терма жамоаларига қарши майдонга тушади.

Конголиклар мусобақадаги илк учрашувини 17 июнь куни Португалияга қарши ўтказади. 22 июнда Колумбияга қарши ўйнашади, 27 июнда эса Ўзбекистон терма жамоасига қарши баҳс олиб боради. Ўзбекистон учун Конгога қарши беллашув гуруҳ босқичидаги сўнгги ўйин бўлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!