Гвардиола: "Бернарду "Сити"даги энг муҳим футболчиларимдан бири"

"Манчестер Сити" бош мураббийи Пеп Гвардиола жамоа сардори Бернарду Силва ҳақида яна бир бор юқори фикр билдирди. Испаниялик мутахассис португалиялик ярим ҳимоячининг келажаги ҳали аниқ эмаслигини айтган бўлса-да, уни ўз давридаги энг ишончли футболчилардан бири сифатида таърифлади.

Бернарду Силва ёзда шартномаси якунлангач клубни тарк этиши кутилмоқда. У 2017 йилдан буён "шаҳарликлар" сафида ўйнаб келмоқда ва шу вақт ичида 450 та учрашувда майдонга тушди. Унинг совринлари орасида 6 та Англия Премьер-лигаси бош соврини, ЕЧЛ, клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати, 2 та Англия кубоги ва 5 та Лига кубоги бор.

Гвардиола жамоанинг 2024/25 йилги кутилганидек ўтмаган мавсуми ортидан айнан Бернардуни сардор этиб тайинлаганини энг тўғри қарорларидан бири деб атади.

"Бу мавсумда қабул қилган энг яхши қарорим шу бўлди.

Жамоа доим биринчи ўринда туради. Баъзида сиёсатчилар ҳам шундай дейишади, аммо кейин бу амалга ошмайди. Бернардуда эса бу гап амалда ҳам шундай — у учун жамоа ҳамиша биринчи.

Ўтган мавсум энг оғирларидан бири бўлди, аммо у доим шу ерда эди: ўйини ва машғулотларда намуна кўрсатиб, етакчилик қилди", — деди Гвардиола.

Мураббийнинг таъкидлашича, Силванинг энг катта устунлиги унинг универсаллиги ва барқарорлиги ҳисобланади.

"У барча жиҳатларда жуда кучли. Кўп ўйин ўтказади. Тўққиз йилдан бери биргамиз ва у деярли жароҳат олмади, майдондан четда қолмади.

У турли позицияларда ўйнай олади, жуда ақлли ва ҳар бир вазиятда ўйин нима талаб қилаётганини тез англайди", — деди у.

Гвардиола 31 ёшли футболчини гол ва ассистлардан ҳам кўра кўпроқ жиҳатлари учун қадрлашини айтди.

"Мен футболчиларни қийин вазиятларда баҳолайман. У эса доим олдинга чиқиб, жамоага ёрдам беришга тайёрлигини кўрсатади.

У биз учун ажойиб трансфер бўлди. Мен бу клубни жуда яхши кўраман ва агар у фаолиятини шу ерда якунласа, жуда хурсанд бўлардим. Лекин ҳозирча ҳеч нарса билмайман.

Қарорни унинг ўзи қабул қилади ва кейин клуб, оммавий ахборот воситалари ҳамда мухлисларга эълон қилади. Бу унинг шахсий қарори", — дея якунлади Гвардиола.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!