Гвардиола: "Челси" — Жаҳон даражасидаги жамоа"
"Манчестер Сити" бош мураббийи Хосеп Гвардиола "Челси"га қарши ўйиндан сўнг бир қатор масалалар юзасидан фикр билдирди.
"Челси" — жаҳон даражасидаги жамоа. У ерда академия футболчилари эмас, энг юқори савиядаги ўйинчилар тўпланган. Шунинг учун бундай жамоага қарши 90 дақиқа давомида ўйинни тўлиқ назорат қилиш жуда-жуда қийин".
Январь ойидаги трансфер режалари ҳақида
"Ҳозирча билмайман. Ҳеч қандай тасаввурим йўқ. Ҳеч қандай".
"Брайтон"га қарши ўйин олдидан футболчиларнинг қайтиши ҳақида
"Ҳозирча билмайман. Менимча, йўқ, лекин аниқ айта олмайман. Ҳали шифокорлар билан гаплашмадим".

"Челси"га қарши ўйин ҳақида
"Биз 45 дақиқа эмас, деярли 90–95 дақиқа жуда яхши ўйнадик".
Родри ҳақида
"У — фавқулодда футболчи. Хотиржамлиги, ўйинни бошқариши билан жамоани кўп жиҳатдан яхшироқ қилади. Энди асосий савол шу — уч кундан кейин яна кучли рақибга қарши ўйин бор. У ўйнайдими ёки йўқми? Матео Ковачич ва Нико Гонсалес ҳозирча тайёр эмас, шунинг учун вазиятни қандай бошқаришимизни кўрамиз.

Биринчи бўлимни яхши назорат қилдик. Иккинчи бўлимда икки марта тўп йўқотганимиз сабаб уларда икки имконият бўлди. Аммо охирида бизда иқтидорли футболчилар билан иккига бир, учга икки ҳолатлар бўлди, лекин етарлича яққол вазият ярата олмадик.
Биз барча чизиқларда ажойиб ўйнадик, фақат биринчи ва иккинчи бўлимда бўлган иккинчи, учинчи ёки тўртинчи голларни ура олмадик. Албатта, иккинчи бўлимда суръатни янада оширдик.
Биринчи бўлимда "Челси" эҳтиёткорроқ ўйнади, иккинчи бўлимда эса йўқотадиган нарсаси қолмади ва охирида ўз мукофотини олди.

Гап кутилган голлар ёки статистика ҳақида эмас. Ҳал қилувчи зонада қанчалик самарали эканинг муҳим. Аммо умумий олганда — қандай ҳимояландик, қандай югурдик, қандай ўйнадик — бу жуда юқори даража эди", — деди Гвардиола.



Фикрлар