Ҳеч кимга ёқмаган ўйин
Бугун Суперлигада бурилиш ясаши тахмин қилинган баҳс зерикарли шахмат партиясига айланиб кетди. Жамоалар яна 2-3 марта шунақа прагматик футбол намойиш этса, футболимиздаги энг жанговор классиколардан бири ишқибозлар учун ўз қадрини йўқотиши аниқ. Менимча, икки жамоа ҳам бугун майдонда муаммоларга ўралашиб қолганини яшира олмади.
“Насаф” бугун “Пахтакор”га қарши ўйинда анча қийналди. Айниқса, майдон маркази ва ҳужум чизиғИ ўртасидаги бўшлиқ яққол кўзга ташланди. Трансфер ойнаси чоғида легионерлар айнан шу фазани кучайтириш мақсадида харид қилинган эди. Бугун “Насаф” таркибида ҳужум чизиғидаги номлар ўзгаргани билан, муаммо ўша-ўша эканлиги яққол кўзга ташланди. Вазиятлар яратиш борасида янгилар қанчалар уринмасин, “Пахтакор”нинг тартибли мудофаа чизиғи учун деярли қийинчилик туғдиргани йўқ. “Аждарлар” ишқибозлари кўп нарса кутаётган Чавез ҳам Суперлигадаги перформансларини кейинги турларга қолдиришига қарор қилди чоғи, деярли ўйинга қўшилиб кета олмади. Жаба эса, бироз кўзга ташланди, аммо чемпионлик сари етаклаши керак бўлган йигитлар учун бу кам. “Насаф” бугун бирорта комбинацияни тўлиқ амалга ошира олгани йўқ. Аввалги темп ва ва тезлик йўқолган.
“Шерлар” да эса, бугун “Черан синдироми”нинг энг ёрқин кўриниши намоён бўлди. “Пахтакор” уюштираётган ҳужумларнинг аксарияти зарбага қадар етиб боргани йўқ. Бу, жамоада Драган Чераннинг ўрни керагидан ортиб кетганини англатади. “Пахтакор” бугун жуда кўп аспектларда “Насаф”дан яхшироқ кўринди, аммо голни “ясайдиган” “катта” футболчиларни таркибда йўқ эканлиги панд берди. Ярим ҳимоя, марказий ҳимоя ва хатто марказий ҳужумчи ҳам 90 дақиқа давомида барчасини тўғри ижро этди, аммо “шерлар”нинг 14 ҳудудаги асосий қуролисиз катта меҳнат кутилганидек самара бергани йўқ.
Қисқаси, икки клуб ҳам бугун томошабинларга манзур келмайдиган ўйин намойиш этди. Ҳеч нарсани белгилаб бермаган, зерикарли 100 дақиқа. “Насаф” чемпионлик пойгасига руҳан қўшилишни уддалай олмаган бўлса, “Пахтакор” ундаги имкониятларини яхшилай олмади. Водий томонларда эса, бугун ҳаво жуда яхши деб эшиттик.
Яҳёхўжа Улуғхўжаев
Фикрлар