Ҳусанов – кутилмаган трансфер бўлди!
Европанинг энг кучли терма жамоалари Германияда жамланиб, қитъа чемпионлиги учун курашни бошлаган бир паллада миллий лигалардаги экспертлар якунланган мавсумни таҳлил қилмоқда.
Нуфузли манба – lensois.com сайти эксперти Клемент Куртуа Франция чемпионатидаги ягона ўзбек футболчиси Абдуқодир Ҳусановнинг якунланган мавсумдаги ўйинига баҳо берди.
- Абдуқодир Ҳусанов 2023 йилнинг кутилмаган трансфери, лекин охир-оқибат, келажак учун жуда яхши танлов бўлди. Ҳусановнинг дебют мавсумини ана лўнда қилиб ана шундай баҳолаш мумкин.
Ўтган ёзда “Ланс”га келган 19 ёшли ўзбек футболчисининг номи ҳеч кимга таниш эмасди.
Табиийки, янги лигага мослашиши бироз вақт олди. Айниқса, тил тўсиғини енгиб ўтиш қийинроқ бўлди.
Шунга қарамай, мавсум давомида бу ўйинчи доимо асосий таркибда бўлди ва зарур пайтда асосий ҳимоячилар учлиги – Фаундо Медина, Кевин Дансо ва Жонатан Градит каби ўйинчилардан бирининг ўрнига майдонга туширилди.
Тошкентлик ҳимоячи кўпинча ҳимоя марказида Жонатан Градитнинг ўрнига ўйнади. Бу позицияда Кевин Дансонинг йўқлигини ҳам билдирмади. Мадина йўқлигида чап қанотни ёпди. Бироқ айнан мана шу позицияда бироз қийинчиликларга дуч келди.
Ҳусановнинг статикаси дебют мавсум учун жуда яхши эканини таъкидлаш лозим. Чемпионат ва халқаро майдонда жами 16 та учрашувда иштирок этди, шулардан 9 тасида бошланғич таркибга киритилди. Лига 1 мусобақасидаги дебюти бешинчи турда “Мец” билан ўйинга тўғри келди. Чемпионлар лигасидаги илк учрашувини “Арсенал”га қарши ўткази. Европа лигасида “Фрайбург” жамоасига қарши тўп тепди.
Мавсумда давомида жами 1049 дақиқа ҳаракат қилди.
Ҳусановнинг 16 та учрашувда беш маротаба огоҳлантириш олгани эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳат. Унинг бироз қўпол ўйнашини тўғрилаш талаб этилади.
Умуман олганда эса, Абдуқодир Ҳусанов учун мавсум қониқарли ўтди ва унинг келажакдаги истиқболи порлоқ эканини таъкидлаш лозим, - деб ёзди Клемент Куртуа.
Абдуқодир Ҳусанов учун халқаро майдондаги мавсум якунлангани йўқ. 20 ёшли ҳимоячимиз Ўзбекистон терма жамоаси сафида Парижда ўтказиладиган Олимпия ўйинларининг футбол мусобақасида иштирок этиши лозим.
Ўзбекистонлик футболчилар тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасида илк бор қатнашади. Ҳамюртларимиз “С” гуруҳида Испания, Доминикан Республикаси ва Миср вакиллари билан куч синашади.
Фикрлар