Ҳусанов янги таркибда шуғулланяпти!
“Манчестер Сити”нинг янги бош мураббийи Энцо Мареска машғулотларида айни пайтда жами 23 нафар футболчи шуғулланмоқда. Улар орасида миллий терма жамоалар футболчилари, ижарадан қайтган ўйинчилар ҳамда клуб академияси битирувчилари ўрин олди.
Машғулотларга киришган футболчилар орасида аксарият юлдузлар йўқ. Хусусан, Родри, Эрлинг Холанд, Марк Гехи, Эллиот Андерсон, Жереми Доку ва яна бир неча ижрочилар жамоага босқичма-босқич қайтади.
Маресканинг илк машғулотларида ўтган мавсум асосий таркибда ўйнаган футболчилардан фақат уч нафари – Жанлуижи Доннарумма, Абдуқодир Ҳусанов ва Фил Фоден қатнашяпти.
“Манчестер Сити” сафида янги мавсумга тайёрланаётган ва Энцо Маресканинг эътиборини қозониб, асосий таркибидан жой олиш учун рақобатлашаётган футболчилар рўйхати қуйидагича кўриниш олди.
Дарвозабонлар:
Жанлуижи Доннарумма
“Манчестер Сити”нинг асосий дарвозабони Жанлуижи Доннарумма клубдаги илк мавсумолди йиғинини ажойиб ҳолатда бошлади. У 2025 йилги “Олтин тўп” маросимида Яшин мукофотини қўлга киритган, ПСЖ сафида Чемпионлар лигасида ғолиб чиққанидан кейин 2025 йил сентябрида тахминан 26 миллион фунт эвазига “Сити”га ўтган эди.
Италия терма жамоаси жаҳон чемпионатига чиқа олмагани сабабли, 27 ёшли посбон бутун ёз давомида тикланиш ва янги мавсумга тайёргарлик кўриш имконига эга бўлди. Шу туфайли Мареска биринчи куннинг ўзидаёқ асосий дарвозабонини тўлиқ тайёр ҳолда қабул қилди.
Маркус Беттинелли
“Челси”дан келган тажрибали Маркус Беттинелли Доннарумма учун ишончли ўринбосар ҳисобланади. Шунингдек, дарвозабонлар қаторида академиянинг иқтидорли ёшлари ҳам бор.
Беттинелли миллий жамоада иштирок этмагани учун ёзги тайёргарликни тўлиқ ўтказяпти. Унинг профессионаллиги ва барқарорлиги таркибдаги катта ўзгаришлар даврида Мареска учун муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Оливер Уотмафф
18 ёшли дарвозабон 2025/2026 йилги мавсумни ижара асосида “Рочдейл”да ўтказиб, 39 учрашувнинг 18 тасида дарвозасини дахлсиз сақлади.
Плей-офф финалида пенальтилар сериясида икки зарбани қайтариб, жамоасининг Футбол лигасига чиқишига катта ҳисса қўшди.
Аввалига у 2026/2027 йилги мавсум учун “Стокпорт Каунти”га ижарага юборилиши режалаштирилган эди, аммо “Сити” уни мавсумолди йиғини учун чақирди. Осиё сафари тугагач, у яна ижара асосида бошқа клубга йўл олиши кутилмоқда.
Жек Уинт
Ёш дарвозабон “Сити” академияси тизими вакилларидан бири ҳисобланади ва дарвозабонлар қаторида чуқурликни таъминлайди. Англия ёшлар терма жамоаларида ўйнаган Уинтнинг мавсумолди йиғинида қатнашиши унинг биринчи жамоада ўйнашига эмас, балки клуб академиясида дарвозабонлар захираси қанчалик кучли эканини кўрсатади.
Ҳимоячилар:
Рико Льюис
21 ёшли универсал ҳимоячи учун бу мавсумолди йиғини фаолиятидаги энг муҳим босқичлардан бири бўлиши мумкин. Унинг Энцо Мареска қўл остидаги келажаги ҳали аниқ эмас. Ёзги трансфер ойнаси бошида унга мунтазам ўйин амалиёти кафолатланмаса, клубни тарк этиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Англиялик футболчига “Ноттингем Форест” ва “Эвертон” қизиқиш билдирмоқда. Ҳимоя ва ярим ҳимоя чизиғида бирдек ҳаракат қила олиши уни Пеп Гвардиола давридаги энг универсал футболчилардан бирига айлантирган.
Бруклин Нфонкеу
Ёш ярим ҳимоячи 2026 йил май ойида клуб академиясининг мавсум якунларига бағишланган тақдирлаш маросимида шахсий мукофот соҳибига айланди. У 18 ёшгача бўлган жамоалар сафидаги ўйини билан катта таассурот қолдирди. Илк мавсумолди машғулотларида иштирок этиши унга Энцо Мареска эътиборини қозониш имкониятини беради.
Витор Рейс
20 ёшли бразилиялик ҳимоячи “Жирона”даги ижара мавсумини якунлаб, ёзда “Этиҳод”га қайтди. Испания Ла Лигасида у Винисиус Жуниор, Ламин Ямал ва Килиан Мбаппе каби юқори савияли рақибларга қарши мунтазам майдонга тушиб, муҳим тажриба орттирди.
Рейс “Сити”га катта иштиёқ билан қайтди ва Энцо Мареска қўл остида асосий таркибдан жой олишни мақсад қилган. Шу боис у мавсумолди йиғинидаги энг қизиқарли футболчилардан бири ҳисобланмоқда.
Абдуқодир Ҳусанов
22 ёшли марказий ҳимоячи 2025/2026 йилги мавсумда “Манчестер Сити” асосий таркибида илк тўлиқ мавсумини ўтказди.
У ҳимояда ишончли ўйини билан ўзини кўрсатди ва Англия лига кубогиси ҳамда Англия кубогидаги муваффақиятли иштироклари орқали клубнинг мамлакат ички мусобақаларида дубль қайд этишига муносиб ҳисса қўшди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси жаҳон чемпионатида гуруҳ босқичидаёқ иштирокини якунлагани сабабли, Абдуқодир Ҳусанов янги бош мураббий Энцо Мареска ихтиёрига биринчи кунданоқ келиб қўшилган асосий юлдузлардан бири бўлди. Бу унга янги мураббий ишончини қозониш учун қўшимча имконият яратади.
Макс Аллейн
Ёш марказий ҳимоячи ўтган мавсум ўртасида “Уотфорд” ижарасидан қайтарилган эди. Бироқ жамоага тажрибали Марк Гехининг қўшилиши унинг ўйин вақтини чеклаб қўйди.
2026/2027 йилги мавсумда Аллейннинг ривожланиши диққат билан кузатилади. Энцо Мареска клуб тизимидаги янги лойиҳа доирасида ҳимоя чизиғининг узоқ муддатли вариантларини баҳолар экан, Аллейн ҳам асосий номзодлардан бири бўлади.
Стивен Мфуни
18 ёшли чап қанот ҳимоячиси “Уотфорд”даги ярим йиллик ижараси давомида жуда яхши таассурот қолдирди. У хотиржам ҳаракатлари, аниқ узатмалари ва жисмоний тайёргарлиги билан кўпчиликнинг эътиборини қозонди.
Бироқ тўпиғидан олган жароҳати сабабли операция қилинди ва мавсуми муддатидан аввал якунланди.
Англия ёшлар терма жамоаси аъзоси бўлган Мфунига “Дерби Каунти”, “Суонси Сити” ва “Борнмут” қизиқиш билдирмоқда. Шифокорлар рухсат бергач, унинг Чемпионшип клубларидан бирига ижарага кетиши энг эҳтимолий вариант сифатида кўрилмоқда.
Ярим ҳимоячилар:
Кристиан Макфарлейн
Кристиан Макфарлейн ҳам май ойида академиянинг мавсум якунлари бўйича ўтказилган тақдирлаш маросимида шахсий мукофотга сазовор бўлган футболчилардан бири бўлди.
У 2025/2026 йилги мавсумда у ёшлар жамоаси сафида барқарор ва юқори савиядаги ўйини билан ажралиб турди ҳамда клубнинг энг ишончли ёш футболчиларидан бири сифатида эътироф этилди. Мавсумолди йиғинида иштирок этиши унга Энцо Марескага ўз имкониятларини намойиш қилиш ва кейинги фаолияти учун муҳим қадам ташлаш имконини беради.
Нико Гонсалес
24 ёшли испаниялик ярим ҳимоячи 2025 йил январь ойида Родрининг ўрнини босиш мақсадида “Порту”дан “Манчестер Сити”га олиб келинган эди. У ўтган мавсумнинг иккинчи ярмида Премьер-лигада 11 та учрашувда иштирок этди, аммо рақобат кучайгани сабабли кўпроқ захира ўриндиғида қолди.
Мареска қўл остида унинг келажаги ҳали ҳам номаълумлигича қолмоқда. Хабарларга кўра, агентлар Европанинг турли клублари ҳамда бошқа чемпионатлардан келаётган қизиқишларни ўрганмоқда.
Шу боис, мавсумолди йиғини Нико учун янги бош мураббийни ўз маҳоратига ишонтириш имконияти ҳисобланади.
Флойд Самба
17 ёшли ярим ҳимоячи 2025/2026 йилги мавсумда “Сити”нинг 18 ёшгача бўлган жамоасининг энг яхши футболчиларидан бири бўлди. У мавсум давомида 11 та гол урди ва Англия ёшлар кубоги финалида “Манчестер Юнайтед”га қарши ўйинда ҳисобни очди. Ўша машҳур финалда унинг акаси Тайрон Самба ҳам гол урганди.
Икки ака-уканинг бир вақтнинг ўзида мавсумолди йиғинида қатнашиши “Манчестер Сити” академияси тарихидаги энг қизиқарли воқеалардан бири сифатида баҳоланмоқда.
Клаудио Эчеверри
20 ёшли аргентиналик футболчи ижарадаги дастлабки даврини “Байер”да ўтказди, аммо у ерда фақат олтита учрашувда майдонга тушгач, муддатидан олдин ортга қайтарилди.
Шундан кейин у иккинчи марта “Жирона”га ижарага берилди ва у ерда, айниқса “Барселона”га қарши ажойиб ўйини билан “Манчестер Сити” нега уни харид қилганини яна бир бор исботлади.
Эчеверри ҳозир Энцо Мареска назоратида машғулот ўтказмоқда. Шунингдек, у бир нечта клуб скаутлари кузатган махсус назорат учрашувида ҳам иштирок этди. Ёз давомида унинг жамоада қолиши ёки яна ижарага кетиши ҳақида якуний қарор қабул қилинади.
Фил Фоден
26 ёшли Фил Фоден 2025/2026 йилги мавсумда барқарор ўйин намойиш қила олмагани сабабли Томас Тухель томонидан Англия терма жамоасининг жаҳон чемпионати қайдномасига киритилмади.
Бироқ у мавсумни яхши формада якунлади: “Манчестер Сити” билан Англия кубогини қўлга киритди ҳамда Премьер-лигада 34 учрашувда 7 та гол ва 5 та голли узатма муаллифи бўлди.
Жаҳон чемпионатида иштирок этмагани Фоденга янги мавсумга тўлиқ тайёргарлик кўриш имконини берди. Бу ҳолат Мареска учун ҳам муҳим устунлик ҳисобланади, чунки Фоден катта турнирдан чарчоқсиз ҳолда янги мураббий билан иш бошламоқда ва ўзининг Европадаги энг хавфли ҳужумкор футболчилардан бири эканини яна бир бор исботлашни мақсад қилган.
Тайрон Самба
Самбалар оиласидаги ака-укаларнинг каттаси бўлган Тайрон ҳам академиянинг мавсум якунлари бўйича тақдирлаш маросимида шахсий мукофотга лойиқ топилган футболчилардан бири бўлди.
Ҳужумкор футболчи 2025/2026 йилги мавсумдаги ўйини учун эътироф этилди. У Англия ёшлар кубоги финалида укаси Флойд Самба билан бирга гол урди ва бу икки ака-ука учун ҳам, академия тарихида ҳам унутилмас кунга айланди.
17 ёшли Тайрон “Сити” академиясидаги энг жисмонан бақувват истеъдодли ўйинчилардан бири ҳисобланади. Энцо Маресканинг илк мавсумолди йиғинига жалб қилингани мураббийлар штаби унинг салоҳиятига катта ишонч билдираётганини кўрсатади.
Ксавье Паркер
16 ёшли ярим ҳимоячи 2024 йилда “Вест Хэм” академиясидан олиб келинди ва қисқа вақт ичида Европа футболидаги энг иқтидорли ўсмирлардан бири сифатида танилди.
Маълумотларга кўра, “Ливерпуль”, “Манчестер Юнайтед”, “Арсенал” ва “Челси”ни ҳам ўз ичига олган тўққизта клуб унга қизиқиш билдирмоқда. Аммо Паркер 2027 йил май ойида 17 ёшга тўлмагунча биринчи профессионал шартномасини расман имзолай олмайди.
Шунга қарамай, “Манчестер Сити” уни сақлаб қолиш учун академия футболчиларига нисбатан қўлланадиган ўз молиявий сиёсатидан ҳам четга чиққан. Хабарларга кўра, янги шартнома имзоланишига жуда оз вақт қолган. Унинг мавсумолди йиғинида иштирок этиши нафақат ривожланиш имконияти, балки клуб уни узоқ муддатли режаларининг муҳим қисми деб билишини ҳам англатади.
Дивайн Мукаса
18 ёшли ҳужумкор футболчи 2025 йил сентябрь ойида Англия лигаси кубогида “Манчестер Сити” асосий жамоаси сафида дебют қилди. У “Хаддерсфилд”га қарши 2:0 ҳисобидаги ғалабали баҳсда Фил Фоденнинг голига пас узатганди.
Кейинчалик у Чемпионшипдаги “Лестер Сити”га ижарага берилди ва 15 та учрашувда икки гол ҳамда битта голли узатмага муаллифлик қилди.
Турли ёш тоифаларида Англия терма жамоасида ўйнаган Мукаса ижарадан катта тажриба билан қайтди. Энди Энцо Мареска мавсумолди йиғини давомида унинг асосий жамоага қай даражада тайёр эканини баҳолайди.
Райан МакАйду
18 ёшли тезкор қанот футболчиси 2026 йил январь ойида Англия кубогида “Эксетер Сити”га қарши 10:1 ҳисобидаги йирик ғалабада асосий жамоа сафида дебют қилди.
Клуб раиси Халдун Ал-Муборак уни шахсан академиянинг энг иқтидорли футболчиларидан бири сифатида таърифлаган. МакАйду аввал “Челси”ни тарк этиб, ўз ривожини давом эттириш учун “Манчестер Сити” академиясини танлаган эди.
Унинг амалдаги шартномаси 2030 йилгача мўлжалланган. Европа ва Премьер-лиганинг бир қатор клублари унга қизиқиш билдирмоқда, аммо “Сити” футболчини сақлаб қолиш ниятида.
Маресканинг дастлабки машғулотларида иштирок этиши эса мураббийга клубнинг энг истеъдодли ёш футболчиларидан бирини яқиндан баҳолаш имконини бермоқда.
Жереми Монга
17 ёшли қанот ҳужумчиси 11 июль куни расман “Лестер Сити”дан “Манчестер Сити”га 10 миллион фунт стерлинг эвазига ўтди. Бу клуб академиясининг ёзги трансфер ойнасидаги энг муҳим харидларидан бири ҳисобланади.
Ўтган мавсумда Монга Чемпионшип тарихидаги энг ёш тўпурарга айланиб, аввал Жуд Беллингемга тегишли бўлган рекордни янгилади.
Шунингдек, у Премьер-лига тарихида майдонга тушган учинчи энг ёш футболчи ҳисобланади. Шу сабабли унинг Маресканинг илк мавсумолди йиғинида қатнашиши янги муҳитга тезроқ мослашиш учун муҳим имконият бўлмоқда.
Савио
Бразилиялик қанот ҳужумчиси 2025/2026 йилги мавсумни якунлаганидан кейин ҳам унинг келажаги ноаниқлигича қолмоқда.
“Тоттенхэм Хотспур” уни ёзги трансфер ойнасидаги асосий мақсад сифатида белгилаб, трансферни тезлаштиришга ҳаракат қилмоқда.
Мавсумолди йиғини 22 ёшли футболчи учун Мареска тизимида ўз ўрнига муносиб эканини исботлашдаги сўнгги имкониятлардан бири бўлади. Янги бош мураббийнинг баҳоси Савионинг клубда қолиши ёки трансфер ойнаси ёпилишидан олдин жамоани тарк этишини ҳал қилиб бериши мумкин.
Ҳужумчилар:
Дивин Мубама
21 ёшли ҳужумчи 2025/2026 йилги мавсумда Чемпионшипда яхши ўйин намоён қилди. У 1600 дақиқадан сал кўпроқ вақт майдонда ҳаракат қилиб, 5 та гол урди ва 1 та голли узатма берди.
Мубама ўзининг жисмоний кучлилиги ҳамда гол уриш қобилияти билан “Манчестер Сити” ривожлантириш тизимидаги энг истиқболли ҳужумчилардан бири сифатида баҳоланмоқда.
Мареска учун мавсумолди йиғини ҳужумчини асосий жамоага жалб қилиш ёки яна бир йил Чемпионшипга ижарага юбориш ҳақида қарор қабул қилиш имконини яратади.
Маҳамаду Сангаре
19 ёшли француз ҳужумчиси ва Франция ёшлар терма жамоаси аъзоси 2025 йил ёзида ПСЖдан “Манчестер Сити”га ўтиб, беш йиллик шартнома имзолаган. У биринчи мавсумининг ўзидаёқ юқори самарадорлик кўрсатди.
30 та учрашувда 15 та гол ва 3 та голли узатма амалга оширди. Шунингдек, Премьер-лига 2 мусобақасида 16 та ўйинда 7 марта рақиблар дарвозасини ишғол қилди.
Шунга қарамай, ёзда унинг ижарага кетиши кутилмоқда. Энг эҳтимолий йўналишлар сифатида Франция Лига 1 ва Германия Бундеслигаси кўрилмоқда.
Унинг мавсумолди йиғинида иштирок этиши “Манчестер Сити”нинг барча шартнома асосидаги футболчиларига якуний қарор қабул қилиниши олдидан ўзини кўрсатиш имкониятини бериш сиёсатига мос келади.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, Энцо Маресканинг дастлабки машғулотлари учун йиғилган кенг таркиб клубнинг мавсумолди режалари ҳақида муҳим тасаввур беради.
Гуруҳ таркибида терма жамоа тажрибасига эга футболчилар ҳам, академиянинг энг ёрқин истеъдодлари ҳам бор. Бу бир томондан жаҳон чемпионатидан кейинги логистик ҳолат билан боғлиқ бўлса, иккинчи томондан Маресканинг ҳар бир футболчини шахсан баҳолаш истагини ҳам акс эттиради.
Асосий таркибнинг кўплаб футболчилари ҳали ҳам жаҳон чемпионатидан қайтиш жараёнида бўлгани учун, ҳозир машғулотларда қатнашган футболчилар янги бош мураббийда яхши таассурот қолдириш учун ноёб имкониятга эга бўлишди.
Айниқса, асосий таркибга кириши кафолатланмаган футболчилар учун бу машғулотлар Маресканинг фикрини ўзгартира оладиган муҳим босқич ҳисобланади.
Спорт директори Угу Виана бутун ёз давомида Энцо Мареска билан биргаликда янги таркибни шакллантириш устида ишламоқда. Ҳозир машғулот базасида Жанлуижи Доннарумма, Абдуқодир Ҳусанов, Фил Фоден каби жаҳон даражасидаги юлдузлар ҳам, Жереми Монга каби ёш истеъдодлар ҳам қатнашмоқда.
Бу эса “Манчестер Сити”нинг янги мавсум учун катта мақсадлар билан тайёрланаётгани ва “Этиҳод”да янги давр бошланаётганини яққол намоён этмоқда.

Фикрлар