Ҳусниддин полвон жаҳон чемпиони!

Хабарингиз бор, Қозон шаҳрида БРИКС ўйинлари бўлиб ўтди. Мазкур турнир доирасида белбоғли кураш вакиллари ҳам муносиб иштирок этиб, 20 та медални қўлга киритган эди. Улапр орасида 82 кг вазн тоифасида Ҳусниддин Рўзиев барча рақибларини мағлуб этиб, олтин медалга эга чиққанди. Қизиқарли жиҳати, БРИКС ўйинлари якунлангандан сўнг, айнан Қозон шаҳрида татар кураши бўйича жаҳон чемпионати ҳам бўлиб ўтди. Унда 85 кг вазнда қатнашган Ҳусниддин Рўзиев рақибларига хеч қандай имконият қолдирмаган ҳолда, жаҳон чемпионлигига эришди. Биз ушбу полвонимиз билан боғланиб, татар кураши ҳақида бироз маълумот олдик. 
- Хусниддин аввало қўшалоқ чемпионлик билан табриклаймиз!

- Катта раҳмат. Аввало, Яратганни инояти, сабабчилари бўлган яқинларим ва мураббийларимга ўз миннатдорчилигимни билдираман.

- Қизиқ жиҳати, БРИКС ўйинларида умумжамоа ҳисобида Россиядан кейин 2-ўринни банд этибсизлар. Наҳотки, Россияда ҳам белбоғли кураш ривожланган бўлса?

- Албатта, рус полвонлари жуда ҳам машҳур саналади. Асосий рақобатчиларимиз ҳисобланади. Марказий Осиё давлатлари, Россия, Беларусь белбоғли кураш бўйича жуда кучли...

- Қозонда БРИКС ўйинларидан сўнг, татар кураши бўйича жаҳон чемпионатида ҳам ғолиб бўлибсиз?

- Ҳа, жуда қийин бўлди, лекин удлдаладик. 

- Энди, татар кураши ҳақида озгина тушунча берсангиз?

- Деярли белбоғли кураш билан бир хил. Баъзи қоидаларида ўзгаришлар бор. Белбоғли кураш десак ҳам бўлаверади. Шунинг учун ҳам Россия белбоғли кураш бўйича кучли ҳисобланади. Чунки, Россия таркибидаги кўплаб автоном Республикаларни белбоғли курашга яқин миллий курашлари бор. 

- Ҳозирги кунда жаҳондаги энг оммабоп яккакураш йўналиши бўлган ММАда бир қатор сиз билан бирга шуғулланган белбоғли курашчилар яхши натижа кўрсатяпти. Жумладан, Хотам Бойназаров, Нодир Аҳатжонов, Камрон Ортиқов, Мавлонбек Миркомилов бундай номларни кўплаб келтиришим мумкин. Нима демоқчи бўлаётганимни тушунган бўлсангиз керак?

-
Тушундим албатта. Кўрамиз, балки биз ҳам ўзимизни синаб кўрармиз. Юқорида санаб ўтганларингизни барчаси укаларимиз, дўстларимиз бўлади. Кўп айтишади. Айниқса, битта Дониёрбек Рўзиев деган қитмир жўрам бор, Камрон Ортиқовни мураббийи, ўша кўп маротаба жанг қил, жанг қил дейди. Балки октагонга ҳам чиқиб қолармиз. Хеч қачон хеч қачон дема дейдику! 





 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!