Икки ҳужумчимиз "Топ-5"да!
Қозоғистон Премьер-лигаси старт олмоқда. Қўшни мамлакат чемпионати ҳам ҳар доим ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборида бўлган. Ўнлаб ҳамюртларимиз Қозоғистон чемпионатида эътиборга молик ютуқларни қўлга киритган.
2023 йилги мавсумда ўзбек футбол мактабининг уч нафар тарбияланувчиси Қозоғистон Премьер-лигасида тўп тепади. Уларнинг бари Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси эканини алоҳида инобатга олиш лозим.
Янги мавсумда Игорь Сергеев “Тобол”даги фаолиятини давом эттиришга розилик берган. Беларусь футболида ўзини кўрсата олган Шаҳбоз Умаров ва Бобур Абдухолиқов биргаликда “Ордабаси”га ёрдам беради.
Муҳим жиҳати шундаки, легионеримизга катта ишонч билдираётган ҳар икки жамоа янги мавсумда чемпионлик учун курашишни мақсад қилган.
Мавсум олдидан Қозоғистон Премьер-лигасининг энг қимматбаҳо футболчилари бешлиги эълон қилинди.
Таъкидлаш жоизки, бу йил ушбу мамлакатнинг юқори дивизионидаги 14 та жамоа сафида 31 та мамлакатдан кетган 143 нафар чет эллик ўйинчи қатнашади. Улар орасида энг кўп вакил Россиядан. Рус футболчиларидан 24 нафари Қозоғистон жамоаларида ўйнашни маъқул топди.
Шунингдек, Беларусдан 17, Сербиядан 12, Грузиядан 10 нафар футболчи омадини қозоқ футболида синаб кўради.
Чемпионатда узоқ ўлкалардан келган чарм тўп усталари бор. Хусусан, Бразилиядан 9 нафар футболчи келган. Африка вакилларидан Кот-д’Ивуарнинг олти нафар ўйинчисини кўришимиз мумкин.
Бундан ташқари, Украинадан 8, Хорватиядан 5, Қирғизистондан 4, Ўзбекистон, Арманистон, Шимолий Македония, Литва, Колумбия, Черногория, Босния ва Герцеговинадан 3 тадан, Франция, Сенегал, Молдова, Гвинея-Бисаудан икки нафардан футболчи бор. Турли қитхалардан яна 11 мамлакат биттадан вакилга эга.
Булар орасида энг қиммат футболчи гамбиялик Дембо Дарбо ҳисобланади. Трансферларга ихтисослашган https://www.transfermarkt.world порталида 2,5 миллион еврога баҳоланган ҳужумчи премьер-лиганинг энг қиммат ўйинчиси мавқеини ҳамюртимиз Игорь Сергеевдан тортиб олди.
Энг қиммат ўйинчиларнинг рейтинги қуйидагича кўриниш олган (Топ-5):
- Дембо Дарбо (“Астана”) — 2.5 миллион евро
- Игорь Сергеев (“Тобол”) — 1.4 миллион евро
- Макс Эбонг (“Астана”) — 1.2 миллион евро
- Бобур Абдухолиқов (“Ордабаси”) — 1 миллион евро
- Камо Оганесян (“Астана”) — 1 миллион евро.
Ҳар икки футболчимиз ҳам ўз жамоасининг энг қиммат ўйинчилари ҳисобланади. Қозоғистон премьер-лигасидаги учинчи вакилимиз – Шаҳбоз Умаровнинг ўтган йили ярим мавсум ўйин амалиётисиз қолиб кетгани боис, унинг трансфер суммаси пасайган. Истеъдодли ҳужумкор футболчимиз 400 минг еврога баҳоланяпти ва рўйхатнинг тўртинчи ўнлигидан жой олган.
Қозоғистон чемпионатини Бобур Абдухолиқов ва Шаҳбоз Умаров ўйнаётган “Ордабаси” жамоаси бошлаб беради. 4 март куни Тошкент вақти билан соат 13:00 да шимкентликлар ўз майдонида “Каспий” футболчиларини қабул қилади.
Игорь Сергеевнинг “Тобол” жамоаси шу куни Тошкент вақти билан 17:00 да ўз майдонида “Аксу”га қарши саф тортади.
Фикрлар