Илҳом Мўминжонов: Биз майдонга қараб ўйнамаймиз, рақибдан келиб чиқиб ўйин ташкил қиламиз

"Бугун Ўзбекистондаги энг кучли жамоага қарши ўйнадик. Учрашув мухлисларга ёқди, деб ўйлайман. Чунки улар голлар шоусига гувоҳ бўлишди. Мени хурсанд қилган жиҳат шуки, шогирдларим ўйиннинг 90 дақиқа давом этишини тушунишди ва ҳакам ҳуштагига қадар курашишди. Ўйинга танланган тактика ишлади. Тўғри, бугун кўп гол ўтказиб юбордик. “Навбаҳор”да ишлаётганимдан буён жамоа Наманганда ўз дарвозасидан ҳали 3та тўп ўтказиб юбормаганди. Аммо рақибнинг ҳам “Пахтакор” эканлигини унутмаслик керак. Футболчиларга охиригача курашишгани ва ўйнашгани учун раҳмат айтаман.

Дисквалификация сабабли, 2 нафар футболчи Остон Ўрунов ва Жаҳонгир Меҳмонов бугун майдонга туша олишмади. Жамоа сардорини эса футболчилар танлашди. Эндиликда йил охирига қадар жамоани Ҳошимов сардор сифатида майдонга бошлаб тушади. Унинг сардорлик ўйини айнан “Пахтакор”га қарши учрашувда бошланди. Бугун Ҳошимов тўртинчи сариқ карточкасини олди ва келаси ўйинни ўтказиб юборади. Кейинги баҳсда яна бошқа сардорни кўрамиз.

Охирги йилларда “Локомотив” ва “Пахтакор” жамоалари чемпионлик шоҳсупасидан пастга тушмаяпти. Аммо “Бунёдкор”ни ҳам унутмаслик керак. “Пахтакор” мамлакатимизнинг энг кучли жамоалардан бири. Чунки ҳар бир футболчи “Пахтакор” номини эшитганда кўз олдида йирик ва кучли жамоа гавдаланади.

Суперлиганинг кучли олтилигида кучсиз жамоа ва осон ўйин йўқ. Чемпионлик кураши эса давом этади. Биз майдонга қараб ўйнамаймиз, аксинча, рақибдан келиб чиқиб, ўйинни ташкил этамиз", - деди Мўминжонов.