Илёс Зейтуллаев: "Навбаҳор"га муаммо туғдирдик"

Суперлигада 16-тур якунланди. "Бунёдкор" клуби бу тур сафарда "Навбаҳор" билан куч синашди ва 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади. Беллашувдан сўнг жамоа мураббийи Илёс Зейтуллаев матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ўйин томошабоп бўлди. Бугун жамоаларини қўллаб-қувватлагани келган ишқибозларга миннатдорчилик билдираман. Йигитларимга ачиндим. 10 секунд қолганида бўлиб ўтган ишга ортиқча тўхталмоқчи эмасман. 

- Бугунги дуранг сиз учун ғалабага тенгми? 

- Тўғриси, 3 очко биз учун олтинга тенг бўлган бўлар эди. 10 киши бўлиб "Навбаҳор"дек кучли жамоа билан ўйинда жанг қилдик. Кўрганингиздек, йигитларим бугун кўпроғига лойиқ эди. 

- Бугун "Бунёдкор" яхши кўринди. Жамоа қўшаётгани кўринмоқда. Бу ниманинг эффекти?

- Бундай прогресс кузатилса, бу барчанинг ҳизмати бўлади. Албатта, йигитларнинг меҳнати. Тўғри, штабим ҳам ёрдам бермоқда, лекин жамоага алоҳида ташаккур билдираман. "Пахтакор", "Андижон" ва "Навбаҳор" сингари жамоа билан тенгма-тенг жанг қилдик. Бугун захирада ўтирганлар ҳам майдондагилар сингари бирдек ҳаяжонланди. Бу умумий ғалаба. 

- Бугун жамоангиздаги легионерларингизни ўйини ҳақида фикрингиз қандай? 

- Тўғриси, уларнинг ўйинидан қониқдим. Бундай вазиятда элитада жон сақлаб қолиш учун курашиш осон эмас. Футболчи бўлганим учун буни яхши ҳис қиламан. Улар яхши қўшилиб кетишди. Бугун жамоа учун меҳнат қилишди. Легионерларнинг барчасидан кўнглим тўлди. 

- Италиядан ниманидир "Бунёдкор"га олиб киришни режа қилганмисиз?

- Кўп йиллар ўтган бўлса ҳам, ватанимни унутганим йўқ. Италиядаги 20 йилдан ортиқ вақт давомида ўрганганларимизни секин-асталик билан жамоага сингдиришни бошлаяпмиз. Менга ёрдам бериш учун Италиядан жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий келган. Видео дарслар, машғулотлар ёрдамида ишлаяпмиз. Футблчиларимга кўп айтаман. Ўйиннинг 30 фоизи тактика бўлса, қолгани руҳият ва бошқа аспектларга суянади. Айнан бугунги учрашувдаги ҳамжиҳатлик кўмак берди. 

- "Навбаҳор"нинг ўйинларини ўрганганингиз аниқ. Жамоани қандай кучли томонларини айта оласиз? 

- Жуда кучли жамоа. Ажойиб ижрочилардан иборат таркиб. Бугун бизга қийин бўлиши аниқ эди. Шу боис, кўпроқ пастроқда қарши ҳужумга суяниб ҳаракат қилдик. "Навбаҳор"га бугунги баҳс билан баҳо бериб бўлмайди. Сергей Лушчаннинг услуби рақибни ўз жарима майдончаси ичида тўпсиз қолдириб жазолашга уринади. Яхши жамоа. 

- "Навбаҳор"га бугун вазиятлардан фойдаланишда нималар етишмади? 

- Менимча, йигитлар бугун охиригача жанг қилишди. Уларга сўнгги зарбани беришга имкон бермадик. "Насаф" билан бир киши кам бўлиб очко олдик. Бугун ҳам бу ишни уддаладик. Шу боис, "Навбаҳор"га муаммо туғдирдик. Бу футбол. Ҳеч қандай бошқа нарса йўқ. Мухлислар олдида улар шошилишди чоғи. Бошқа ҳеч нарса айта олмайман. 

- Италия ва ўзбек футболи нима билан фарқ қилади? 

- Бироз фарқ қилади. Тактика ва деталлар борасида тафовут бор. Бизда тезкор ва курашларга бой футбол. Европа футболи бошқача, аммо буни яхши ёки ёмон деб бўлмайди. Фарқ қилади. 

- Бу мавсумда ким чемпион бўлади? Кубокда ким ғолиб чиқади? 

- "Насаф" курашиб кўради. Шунингдек, ОКМК ҳам жанг қилади. Тўғрисини айтсам, "Сўғдиёна"нинг ўйини ҳам манзур келмоқда. Кичик аутсайдерни бор эканлиги ёқимли. Шунингдек, "Пахтакор"ни ҳам ҳисобдан чиқариш керак эмас. Кубок ҳақида нимадир дейиш қийин. Ҳеч бир жамоага мухлислик қилмайман. Кучли жамоа енгани тўғри бўлади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!