Infantino tanqidlarga javob berdi
ФИФА президенти Жанни Инфантино жаҳон чемпионати атрофидаги танқидларга жавоб берди.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йилги жаҳон чемпионати 11 июндан 19 июлга қадар АҚШ, Канада ва Мексика ҳудудида ўтказилди. Мусобақа финалида Испания терма жамоаси қўшимча дақиқаларда Аргентина жамоасини минимал ҳисобда мағлуб этди (1:0).
Инфантино ўз мурожаатида мундиални танқид қилганларга, айниқса мусобақани кузатмаганларга алоҳида мурожаат қилди.
«Биз ташкил этган бу ажойиб ўйинларни, ҳис-туйғуларни, байрамларни, кулги, кўз ёш ва шодликни кўрмай қолганларни назарда тутяпман. Болалар, чақалоқлар, ота-оналар, буви ва боболар бир майдонда, бир ғоя атрофида жам бўлганини кўрмаганлар ҳақида гапиряпман. Ўйинлар тугаб бўлгани, сиз эса шу қувонч ва бирдамликни ҳис этмай қолганингиз учун афсус билдираман. Ненават ва танқид билан шу қадар банд бўлдингизки, бўлаётган барча гўзал лаҳзаларни ўтказиб юбордингиз», – дейди у.
ФИФА раҳбарига кўра, интернет ва оммавий ахборот воситалари орқали салбий фикр тарқатаётганлар воқеликдан узилиб қолган.
«Қўлида ручка ва қоғози, ёки экран ортида ўтириб, нафрат ва ёлғон гапларни тарқатаётганларга айтаманки, сиз ўтирган пайтда биз ФИФАда олдинги сафдамиз – мусобақани ташкил этяпмиз, тинмай меҳнат қиляпмиз ва дунёдаги энг йирик спорт тамошасини ўтказяпмиз. Сиз яширинаётган пайтда биз Канада, Мексика ва Қўшма Штатлар кўчаларида юрибмиз, мухлислар билан суҳбатлашяпмиз, одамлар билан мулоқот қиляпмиз, ҳар бир инсон хавфсизлигини таъминлаяпмиз. Сиз бўлишга уринаётган пайтда, биз бирлаштиряпмиз. Одамлар оилалар бўлиб, мухлис сифатида, ягона жамоа сифатида бирлашишди», – дея таъкидлади Инфантино.
Унинг фикрича, 2026 йилги жаҳон чемпионати инсонпарварликнинг энг яхши қирраларини намоён этди.
«Бу жаҳон чемпионати инсониятни энг гўзал кўринишида намоён этди. Кичкина давлатлар терма жамоалари қандай ифтихор билан энг нуфузли ўйинларда майдонга тушганини кўрдик. Улар ўзларига ишонч билан, ҳақиқий профессионаллардек ҳаракат қилишди ва ўз юртларини фахрлантиришди. Энг муҳими – улар ҳар бир инсон қаердан бўлишидан қатъи назар, катта саҳнада ўз ўрнини топиши, футбол орқали муваффақиятга эришиши мумкинлигини кўрсатди. Биз барчамиз тенгмиз – мухлислар ҳам, футболчилар ҳам, оддий одамлар ҳам. ФИФАда биз бу муҳаббат, қувонч ва бирдамлик лаҳзаларини кузатиб, беқиёс ғурур ва ҳаяжонни ҳис қилдик», – дейилади мурожаатда.
Инфантино танқид билан банд бўлганларга ўз муносабатини шундай ифода этди:
«Вақти ва кучи бизга нисбатан нафрат уйғотишга сарфланаётганларга айтаман: бир дақиқа бўлса-да тўхтаб, ўйлаб кўринг, сукут сақланг, дуо қилинг ёки шунчаки ўйинни томоша қилинг. Мухлисларнинг юзларига, кўзларига, ҳис-туйғуларига эътибор беринг. Чунки бундай беқиёс манзарани, барчани бир тану бир жон қиладиган, қайтадан бирлаштирадиган шоуни фақат бизнинг гўзал ўйинимиз – футбол ярата олади.»
ФИФА президенти ўз сўзини танқидчиларга нисбатан муроса ва хотиржамлик тилаш билан якунлади.
«Қоғоз ва ручка тутганларга, экран ортида ўтирганларга мурожаат қиламан: сиз топа олмаган муҳаббат ва хотиржамликни топишингизни истайман. Биз ФИФАда топган ҳамжиҳатликни сиз ҳам ҳис этинг. Биз уни дунёга кўрсатдик – тарихдаги энг ёрқин жаҳон чемпионатларидан бирини ўтказдик. Футбол ҳар қандай нафратдан устун турсин.
Ниҳоят, ФИФА президенти сифатида шундай катта шоуга, ҳатто кичик бўлса-да, ўз ҳиссамни қўшганимдан беқиёс даражада фахрланаман. Бу жуда гўзал туйғу! Барчангизга чуқур муҳаббат билан», – дейилади Инфантино мурожаатида.

Fikrlar