Инқироздаги “Тоттенхэм”га яна қаттиқ зарба бўлди
Англия Премьер-лигасининг жорий мавсумида хавфли ҳудудга тушиб қолган ва қуйи лигага тушиб кетиш эҳтимоли ошиб бораётган “Тоттенхэм” кутилмаганда катта йўқотишга дуч келди.
“Сандерленд”га кичик ҳисобда бой берилган учрашувда инқироздан чиқишга уринаётган “Тоттенхэм”нинг асосий ҳимоячиси Кристиан Ромеро жароҳат олди.
Сўнгги маълумотларга қараганда, аргентиналик футболчи тиззасидаги шикастланиш туфайли мавсумнинг қолган қисмида жамоасига ёрдам бера олмайди.
Бу ҳақда ESPN хабар берди.
Манбага кўра, дастлабки текширувлар 27 ёшли аргентиналик футболчининг тизза боғламлари шикастланганини кўрсатган, жароҳат оғирлигини аниқлаш учун яқин кунларда қўшимча текширувлар ўтказилади.
Маълум қилинишича, Ромеро беш ҳафтадан саккиз ҳафтагача майдондан ташқарида қолиши мумкин ва “Тоттенхэм” бу ҳақда яқин кунларда расман хабар беради.
Шу билан бирга, 2026 йилги жаҳон чемпионати бошланишига икки ойдан кам вақт қолганини ҳисобга олсак, ҳимоячи турниргача тўлиқ тикланиш имконига эга экани маълум бўлади.
Жорий мавсумда Ромеро 32 та ўйинда иштирок этиб, олтита гол урди ва учта голли узатма берди.

Фикрлар