Иван Бошкович кетади...ми?

CHERY AUTO

Суперлиганинг 10-турини бошлаб берган “Сурхон” – “Сўғдиёна” беллашувида майдон эгалари 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, муҳим уч очкони қўлга киритди.

Ўйин шундай кечдики, вазият бошқача тус олиши ҳам мумкин эди. Жиззахликлар баҳсни яхши бошлашди, устунликка эга бўлиб туришганди ҳам. Иккинчи бўлимда “Сурхон” ҳисобни очганидан сўнг орадан кўп ўтмасдан жиззахликлар жавоб голини уришди. Шундан кейин гўёки “Сўғдиёна”нинг ўйини “очилиб”, “Сурхон”нинг ўйини “сочилиб” кетаётгандек таассурот уйғотганди. Боиси, Иван Бошкович жамоасида бўш ҳудудлар кўпайиб, гол уришга жуда яқин келишаётганди. Лекин якунда ғалаба голини мезбонлар киритишди.

Учрашув давомида эса ҳар иккала жамоада ҳам ўйин томонлама муаммолари кўзга ташланиб турди. “Сурхон” ҳам, “Сўғдиёна” ҳам аслида ўз ўйинини намойиш қила олганлари йўқ. Шунчаки, омад мезбонларга кулиб боқди.

Ўйиндан аввал “Сўғдиёна” устози Иван Бошкович учун бу охирги имконият бўлиши мумкинлиги ҳақидаги гаплар қулоққа чалинди. Бу қанчалик ҳақиқатлиги эса номаълум. Бироқ жамоанинг ушбу мавсумни кўнгилдагидек ўтказа олмаётгани, турнир жадвалида ўзига ярашмаган ўринда бораётгани ва кетма-кет очко йўқотаётгани фонида Бошковичнинг курсиси қимирлаб қолгани хусусида эшитаётгандик. Ўтган турда уйида чемпионат аутсайдери “Шўртан”ни ютолмагани, қайтанга зўрға мағлубиятдан қутулиб қолгани ҳам клуб раҳбариятига ва мухлисларига ёқмагани турган гап.

Термиздан “Сўғдиёна” қуруқ қўл билан қайтди. Табиийки, мағлубиятдан сўнг Бошкович масаласи яна кун тартибига қайтиши катта эҳтимол. Аслида у яхши мутахассис. “Сўғдиёна”да 2023 йилдан бери ишлаётган бўлса, у шу вақтгача маҳоратини кўрсата олди. Лекин бу йил ўйланган режалар ўхшамаяпти, жамоа ўйинида муаммолар борлиги кўзга ташланяпти. Кўпинча мураббий мағлубиятга учраганда буни кўтара олиши қийин кечади ва айбни кимларгадир ағдариш ҳолатларига гувоҳ бўлиб турамиз.

Бошкович масаласи бўйича клуб раҳбарияти тез орада бир қарорга келади. Унга ишонишда давом этишади ёки истеъфога чиқаришиб, ўрнига бошқасини олиб келишади. Биздаги маълумотларга қараганда, “Сўғдиёна” бош мураббийлиги учун бир қатор номзодлар бор ва уларнинг орасида яқинда “Андижон”ни тарк этган Александр Хомяков варианти ҳам мавжуд.

“Сўғдиёна” 10 та турдан кейин фақат 2 марта ғалаба қозонди холос. Яна 2 та баҳсда дуранг ўйнаб 6 тасида мағлубиятга учради. 8 очко билан 13-ўринда. Лекин 10-турдан ўрин олган яна бошқа учрашувлардан сўнг “Сўғдиёна” янада пастга тушиши мумкин.  “Сўғдиёна” ва Бошкович атрофидаги воқеалар ривожини кузатиб борамиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!