Жамшид Тагиев: "Ҳали кўрасиз улар UFCни "ёндиришади!"
Ўзбекистон муайтай ва кикбоксинг оламида Тагиевларнинг ўз ўрни бор, десак муболаға бўлмайди. Жумладан, Сухроб, Бобур ва Жамшид Тагиевлар жуда кўп мусобақаларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишган. Ҳозирга келиб, Суҳроб Тагиев ўз фаолиятини якунлаган бўлса, Бобур ва Жамшид АҚШда фаолият юритишмоқда. Бобур Тагиевни ММА жангларида иштирок этаётганига гувоҳ бўлдик. Бироқ, Жамшид Тагиев АҚШга йўл олганидан буён жангларда иштирок этмади. Биз бу нима билан боғлиқ эканлиги ва умуман АҚШдаги фаолияти ҳақида билиш учун спортчимиз билан боғландик.
- АҚШда ҳам машғулотларимни давом эттирмоқдаман. Албатта, мақсадларим бор. Нуфузли лигаларда жанг қилиш ниятидаман. Биласиз, бу ерда Нурсултон Рўзибоев, Бобур Тагиев ва Фирдавс Ҳасановлар билан биргаликда шуғулланамиз ва мен уларга асосий спарринг шерик бўлаяпман. Қайсидир маънода мураббийлик ҳам қиламан. Албатта, акамиз Азамат Асадов бизни ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқда. Барча шароитларни яратиб берган. Олдимда ҳозирча кўп лигаларда жанг қилиш имконияти бор. Кўрамиз ММА ёки профессионал кикбоксинг йўналишларида тез орада ўз жангимни ўтказаман. Биласиз, ҳозирга келиб, промоушенларда гонорар миқдори анчагина салмоқли кўриниш олган. Мен 1-жангимда 100 АҚШ доллари олгандим. Хатто, бу ерда спарринг шерик бўлиш ҳам пул туради. Кўплаб хорижликлардан спарринг шерикликка таклиф бўляпти. Бироқ, ҳозирча Нурсултон, Фирдавс ва Бобурга кўпроқ ёрдамим керак бўляпти. Ҳали, кўрасиз булар UFCни “ёндиради”!
Маълумот учун, Жамшид Тагиев 1990 йил 31 декабрда Самарқанд шаҳрида таваллуд топган. 1998 йилдан спорт фаолиятини бошлаган. У бокс, кикбоксинг ва муайтай сир-асрорларини мукаммал ўрганган ва кўп фаолиятини Таиланда ўтказган. У ҳаваскор йўналишда кикбоксинг ва муайтай бўйича кўп карра Ўзбекистон чемпиони, бир қанча халқаро турнирлар ғолиби бўлишга эришган. Профессионал муайтай ва кикбоксинг йўналишида 100 дан ортиқ жанглар ўтказган.
Аҳмадбек Эшматов суҳбатлашди
Фикрлар