Жасур Матчанов МОҚдан кетди
Бугун Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси мажлислар залида Қўмитанинг навбатдан ташқари XXXVI Бош Ассамблея йиғилиши ўтказилди. Унда МОҚ президенти Рустам Шоабдурахмонов, вице-президент Азизжон Камилов ҳамда Бош Ассамблея аъзолари иштирок этишди.
Йиғилиш кун тартибидан биргина масала ўрин олди. У ҳам бўлса 2018 йил январь ойидан буён Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби лавозимида ишлаб келган Жасур Матчановнинг ўз ҳохишига кўра ёзган аризасини кўриб чиқишдан иборат эди. Бош Ассамблея аъзолари Ж.Матчановнинг истеъфосини бир овоздан қабул қилишди ва Жасур Матякубович Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби лавозимидан озод этилди.
Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи, бокс бўйича жаҳон чемпионати ва Осиё ўйинлари совриндори Жасур Матчанов Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида 2018 йилнинг 16 январидан, яъни роппа роса 1 ярим йил давомида Бош котиб лавозимини эгаллади. Унинг бошчилигида Миллий олимпия қўмитаси халқаро алоқаларини янада мустаҳкамлади.
Шунингдек, Жасур Матякубович ўтган йили Аргентина пойтахти Буэнос-Айресда ўтказилган III ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинларида Ўзбекистон делегациясига раҳбарлик қилди. Айнан мазкур мусобақада Ўзбекистон делегацияси ўсмирлар Олимпия ўйинларидаги ўзининг энг яхши натижасини қайд этди.
Ўз навбатида, Миллий олимпия қўмитаси Бош котиб лавозимига номзодларни кўриб чиқмоқда. Бу масалада якуний қарор МОҚнинг навбатдаги Бош Ассамблея йиғилишида қабул қилинади. Яъни номзодлар кўриб чиқилгач, ташкилотга янги Бош котиб сайланади.
Шунинг билан, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг XXXVI Бош Ассамблея йиғилиши ўз ишини якунлади.
Фикрлар