Жасур хориждан клуб танлайди!

Россия премьер-лигасида дебютини нишонлай олмаган Жасур Жалолиддиновнинг фаолиятида ўзгариш бўлиши кутилмоқда. Маълумки, ўтган йили ёзда Тошкентнинг “Бунёдкор” клубидан Москванинг “Локомотив” жамоасига кўчиб ўтган футболчига Россия футболида ўзини кўрсатиш имкониятини беришмади.

Катта умидлар билан легионерга айланган мамлакатимизнинг энг иқтидорли футболчиларидан бири беш ой мобайнида премьер-лигада бир дақиқа ҳам ўйнагани йўқ. Аввалига “Локомотив” таркибида бир неча учрашувда захирада ўтирган Жасур, кейинроқ “Тамбов” клубида ҳам майдонга туширилмади. Тамбовликлар ўзбекистонлик ярим ҳимоячини Россия кубоги доирасидаги учрашувда бир неча дақиқа ўйнатди холос.

Натижада ёш футболчимиз йил бошиданоқ, Россия клублари билан хайрлашиш ва ўзгариш қилишга қарор қилди. Аввалига “Тамбов” билан мавсум охиригача тузилган ижара шартномаси бекор қилинди. Кейинроқ, беш йиллик шартномаси бўлишига қарамай, “Локомотив” билан ҳам ўзаро ҳамкорлик тўхтатилди.

5juhuOzhIxGb9giKTASnHWcQtD4fO4wU_4

Ўсиб келаётган ёш футболчи албатта ўйнаши керак. Жасур Ўзбекистон Суперлигасининг ҳар қандай жамоасини кучайтиришга қодир. “Бунёдкор” собиқ футболчисини бегона қилмаслиги ҳам тайин. Лекин Жалолиддинов фаолиятини легионер сифатида давом эттириш мақсадидан қайтгани йўқ.  

Жасурнинг қарийб 1 миллион евро атрофидаги маблағ эвазига “Локомотив” билан шартнома имзолашида бош ролни ўйнаган ва футболчимиз манфаатларини ҳимоя қилувчи “Soccer Career” консалтинг компанияси раҳбари Юрий Белоус журналистлар билан суҳбатда мижозининг фаолиятида янги давр бошланиши арафасида эканини маълум қилди.

- Айни пайтда Жасур Жалолиддинов таклифларни кўриб чиқяпти. Ҳозирда унда эркин агент сифатида фаолиятини қаерда давом эттириш ҳақида бир қарорга келиши учун етарлича вақт бор, - деди Юрий Белоус.

- Унга қаерлардан таклиф бўляпти?

- Асосий таклифлар марказий Европа, Скандинавия ва Яқин Шарқ мамлакатлари жамоаларидан бўлмоқда.

- Россиядан вариантлар йўқми?

- Рус клубларидан ҳам таклифлар бор, албатта. Лекин биз уларни кўриб чиқишни истамаймиз. Биз учун энг муҳими футболчининг мунтазам ўйин амалиётига эга бўлишини таъминлашдир.

EkTMZDiWAAERvpa_2

Дарҳақиқат, ўз тенгқурлари орасида дунёнинг энг истеъдодли 60 нафар футболчиси қаторида номи зикр этилган Жасур Жалолиддиновга аввал ҳам хориж клубларидан  қизиқиш борлиги кўп айтилган. Хусусан, 2019 йилнинг охирида “Беневенто”да малака оширган иқтидорли футболчимизда Италияда тўп суриш варианти ҳам бўлган. Бироқ, ўтган йили коронавирус пандемияси туфайли унинг бу режаси амалга ошмай қолди.

Шунингдек, Жалолиддиновга Туркия, Испания ва Осиё мамлакатларидан таклифлар бўлган. Бироқ, ёш футболчи хориж футболига осонроқ мослашиш учун “Локомотив” вариантини танлаганини айтганди. Охир –оқибат, у танловда хатога йўл қўйгани кўриниб қолди. Нима ҳам дердик, бу ҳам бир тажриба бўлди. Бу ёғига Жасур танловда адашмаслигини тилаб қоламиз...

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!