Жавоҳир Синдаров: "Турнирни етарлича жиддий қабул қилмадим"
Жавоҳир Синдаров мусобақани Даниэл-Дякка қарши дуранг билан бошлади. Иккинчи турда эса у Прагнанандхага мағлуб бўлди. Эътиборлиси, Синдаров аввалроқ Номзодлар турнирида ҳиндистонлик шахматчини икки бор мағлуб этган ва ҳар икки партияда ҳам фигура қурбон қилган эди. Бу сафар ҳам ўзбекистонлик гроссмейстер отини қурбон қилди.
Учинчи турда эса Максим Вашье-Лагравга қарши баҳс тинч дуранг билан якунланди.
"Менимча, муаммо шундаки, бу турнирни етарлича жиддий қабул қилмадим. Бу — менинг катта хатойим. Номзодлар турниридан кейин, эҳтимол, бироз дам олишим керак эди. Аммо бунинг ўрнига дарҳол жуда кучли турнирларда қатнашишни бошладим.
Бу ерда осон рақибнинг ўзи йўқ — барча жуда яхши тайёргарлик кўрган, ўйнаш эса ниҳоятда қийин.
Балким, асосий хатойим ҳам шу бўлгандир — турнирни паст баҳоладим. Лекин Номзодлар турнирида жуда кўп энергия сарфладим ва эҳтимол, ҳақиқатдан ҳам бироз дам олишим керак эди. Ҳар ҳолда, бу мен учун яхши сабоқ бўлди.
Энди мураббийим маслаҳатига амал қилишга ҳаракат қиламан: ишончли ўйнаш ва ҳар бир партияда ортиқча босим ўтказишга уринмаслик керак", — деди Синдаров.

Фикрлар