Жиддий норозилик! Мадриддаги Ла Лига ўйинини мухлислар тўхтатиб қўйди
Испания чемпионатидаги саккизинчи тур доирасида ўтказилаётган «Райо Вальекано» – «Атлетик» учрашуви охирига етказилмади.
Жамоалар тахминан 25 дақиқа ўйин кўрсатишди, шундан сўнг майдонга турли бегона буюмлар отила бошланди. Ҳакам учрашувни тўхтатиб, футболчиларни кийиниш хонаси томон олиб кетди.
Бир муддатдан кейин ўйин қайта давом эттирилди, аммо трибуналардаги тартибсизликлар яна такрорланди ва баҳс яна тўхтатилди. Шундан сўнг «Райо Вальекано» матбуот хизмати ўйин эндиликда умуман давом эттирилмаслигини маълум қилди.
«Ҳакам қарори ва полиция тавсиясига кўра, учрашув бутунлай тўхтатилди», – дейилади «Райо Вальекано»нинг расмий баёнотида.
Испания оммавий ахборот воситалари хабарига кўра, «Райо Вальекано» мухлисларининг ҳаракатлари клуб раҳбариятидан, хусусан, президентдан норозилик билан боғлиқ. Фанатлар клуб президенти Мартин Пресанинг истефосини талаб қилмоқда.

Фикрлар