Жиззахда юбилей ўйин! Кимгадир "аза", кимгадир "маза" бўлади-ёв...
14 сентябрь куни Суперлиганинг 16-тур қолдирилган ўйини бўлиб ўтади. Унда “Сўғдиёна” ўз майдонида “Нефтчи”ни қабул қилади. Кейин 19-тур баҳслари уланиб кетади. Унгача “Сўғдиёна” – “Нефтчи” учрашувига гувоҳ бўламиз. Бу ўйиннинг қолдирилишига жиззахликларнинг ОФК Кубогидаги иштироки сабаб бўлган. Биласиз, “Сўғдиёна” илк бор қатнашаётган ОФК Кубогида муваффақиятли қатнашиб, ярим финалга чиқди. Мана, энди Улуғбек Бақоев жамоаси учун қолдирилган ўйин кунига ҳам етиб келдик.
“Сўғдиёна” ҳозир учта фронтда курашяпти. Ўзбекистон чемпионати, Ўзбекистон Кубоги ва ОФК Кубоги. Қизиғи, ҳар учала мусобақада жиззахликлар фаворитлар қаторида. Суперлигада чемпионлик учун курашяпти, Ўзбекистон Кубоги ва ОФК Кубогида ярим финалга чиқди. Чемпионатда чемпионлик пойгаси ҳам улар учун жуда муҳим. Ўтган турда ўз уйида “Навбаҳор” билан дуранг ўйнаб икки очко йўқотган жамоада энди “Нефтчи”га қарши қолдирилган учрашувда ғалаба қозониб 3-ўринга кўтарилиб олиш имконияти мавжуд.
Кетма-кет икки марта водий клубига қарши майдонга тушадиган “Сўғдиёна” бу сафарги жуфтликда фаворит сифатида номи тилга олиняпти. “Нефтчи” чемпионат бошидан бери барқарорликка эриша олмай келяпти. У ерда мураббий ўзгарганини энди яхши биласиз. Виталий Левченко иккинчи даврада жамоа натижаларини яхшилаш учун олиб келинди.
Мана, илк бор фарғоналиклар бу йил кетма-кет иккита учрашувда ғалаба қозонишга муваффақ бўлишди. Ўтган турда Тошкентда “Бунёдкор” мағлуб этилди, Яйпанда эса “Қизилқум” ҳам таслим бўлди. Шу тариқа, “Нефтчи” футболчиларида аста-секин ғолибона руҳ шаклланиб бораётгандек. Аммо бу узвий равишда давомли бўладими, буниси номаълум. Ҳар қалай рақиб “Сўғдиёна” эканини ҳисобга олсак, Левченко жамоасини ҳар томондан мураккаб учрашув кутмоқда.
“Сўғдиёна” жиддий рақиб. “Нефтчи” раҳбарияти қандай қилиб бўлмасин клубнинг мавқеини тиклаш вазифасини қўйган. Охирги иккита ўйинда 6 очко қўлга киритилиши ва турнир жадвалида атрофидаги рақибларнинг очко йўқотиши туфайли “Нефтчи” 11-ўринга кўтарилиб олди. Ҳозир фарғоналиклар учун ҳар бир ўйин худди финалга тенг. Жиззахда нима кутяпти? Албатта, Улуғбек Бақоев бошчилигидаги “Сўғдиёна” кутяпти. Бу ўйин жанг бўлади.
Учрашувдан олдин шуни айтиш мумкинки, бўлажак беллашув жамоаларнинг юбилей 50-ўйинига айланади. “Нефтчи” илгари чемпионатимизда фаворитлардан бири бўлгани сабабли жиззахликларга қарши ўзаро учрашувларда устунлик фарғоналиклар томонида. “Сўғдиёна”да 11 та, “Нефтчи”да 28 та ғалаба бор. 10 та беллашувда кучлар тенг келиб қолган. Тўплар нисбати 42х93 фарғоналиклар фойдасига. Биринчи даврада “Нефтчи” мезбон сифатида “Сўғдиёна”га 1:2 ҳисобида ютқазиб қўйган. Умуман оладиган бўлсак, сўнгги 4 та ўйиндан бери фақат “Сўғдиёна” ғалаба қозоняпти. “Нефтчи” охирги бор 2017 йилда муваффақиятга эришган. Ўша мавсумнинг биринчи даврасида фарғоналиклар Жиззахда ягона гол эвазига уч очкони қўлга киритишганди.
Боя бежизга бу юбилей ўйин эканига тўхталмадик. Афтидан, жамоаларнинг 50-ўйини баҳс якунида кимгадир “аза”, кимгадир “маза” бўладигандек. Мазкур тўқнашув ҳар икки жамоа учун муҳим. Ҳеч ким ютқазгиси келмайди. Бизнингча, дуранг бўлса, бу чемпионлик йўлида курашаётган мезбонлар учун мағлубиятга тенглашса ҳам керак. Ўйинни кўришни унутманг!
Фикрлар