Кимлар Англия қаҳрамони бўлди?

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Миллий жамоа Лига миллатларидаги йўлини «Уэмбли»да Испанияга қарши мағлубият билан бошлаган Англия Чехияга сафар қилди. Мақсад аниқ эди – фақат ғалаба. Айниқса, чехлар таркибидаги бир футболчи майдондан четлатилгандан кейин «уч шер» мухлислари бошқа ҳар қандай натижани қабул қилмаган бўларди.

«Евро-Футбол»  нашри ушбу мавсум Лига миллатларида Англия терма жамоасининг илк ғалабали ўйинида энг яхши деб баҳоланган уч футболчини субъектив тарзда ажратиб кўрсатди.

Энг юқори баҳолаш мезони – 10 балл (ўйин бошидаги старт баҳоси – 6,0).

ЭЛЛИОТ АНДЕРСОН – 7,5. Андерсон учун бу энг яхши ўйин бўлмади, бироқ у барибир маълум даражадан пастга тушмади. Бешинчи дақиқада Шульцнинг дарвозабон билан юзма-юз чиқишига айнан Эллиот ўз ярим майдонида тўпни ишончли қабул қила олмагани сабаб бўлди. Аммо орадан кўп ўтмай, шу Шульц тайм ўртасида айнан Эллиотга нисбатан қўпол ўйнагани учун майдондан четлатилди. Андерсон ўйин давомида тўп билан 42 марта дриблинг ёки югуриш амалга оширди, 81 марта аниқ пас берди, бу эса 90 фоиз аниқликни англатади.

ТРЕНТ АЛЕКСАНДЕР-АРНОЛД – 7,5. Трент терма жамоага қайтишини муносиб ўйин билан нишонлади. У тўрт марта аниқ узатма билан флангдан хавфли узатмалар йўллади, учта калит пас берди, шулардан бири иккинчи тайм бошланишидаёқ Гордонинг голига сабаб бўлди. Чехия бир киши кам бўлгани учун асосан ҳимояланиш билан банд бўлди (амалда бу ҳам унча самара бермади), шу боис Трент ўз қанотида жиддий босимга дуч келмади. У киришган учта яккакурашнинг учаласида ҳам ютқазди, аммо бу ҳисобга таъсир қилмади.

ЭНТОНИ ГОРДОН – 9,0. Энг оғир кечган ўйин эса чехларнинг ўнг қанотида ҳаракат қилган Халоупек ва Радоста ҳисобига ёзилди – улар бутун ўйин давомида айнан Гордонга қарши ўйнашга мажбур бўлишди. Энтони доимий равишда икки хил хавф яратди: дарвоза томон йўлланган зарбалар ва ўткир паст узатмалар. Оёғи билан гол уришнинг иложи бўлмади, аммо кичик бўйига қарамай, Гордон иккинчи тайм бошида боши билан кутилмаган услубда сакраб гол урди. Тиним билмаган Гордон Рожерс учун икки, Холл учун эса бир голли вазият яратиб берди – назарий жиҳатдан у ассистлар бўйича хет-трик қилиш имкониятига эга эди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!