Клопп ўрнига Жеррард?!

SPORTS.uz Aнглия футбол афсонасининг мураббийлик соҳасида эришган ютуқлари ҳақида фикр юритади.

Янги давр

фафа2

Жеррард деганда барчанинг ҳаёлига “Ливерпуль” афсонаси келиши аниқ, аммо вақт оқар сувдек ўтмоқда. Стивен аллақачон кучли мутахассис бўлиб етишган. Мана 4 йилдирки, у мураббийлик соҳасида фаолият олиб бормоқда. Қаҳрамонимиз фаолиятини “Ливерпуль”нинг ёшлар жамоасида бошлаган бўлса-да, кейинроқ Шотландияга кўчиб кетишга қарор қилди.

2018 йилда Глазгонинг “Рейнжерс” жамоасига бош мураббийи этиб тайинланди. Кўплаб мухлислар унинг имкониятларига паст баҳо бергани рост.

Ўзининг янги иш жойида Жеррард тезда барчанинг эътиборини қозонди. У келгач, “Рейжерс” 6 йил деганда илк бор “Селтик” билан дербида ғалаба қозонди. Қисқа фурсат ичида Стивен ўз жамоасининг Шотландиядаги иккинчи жамоага айлантирди. 2010 йилдан бери илк бор Европа Лигасининг гуруҳ баҳсларида иштирок этиш имкониятини қўлга киритди.

Энг муҳими шундаки, Жеррард Шотландия чемпионатига интригани қайтариб берди. Ушбу статистик маълумотларга эътибор қаратинг:

• Ҳозирда Глазго жамоаси “Селтик”дан 20 очкога илгарилаб кетган. Бунақаси сўнгги икки йил ичида айнан “Селтик” томонидан намойиш этилган эди.

• “Рейнжерс” бу мавсум чемпионатда мағлубиятсиз серияни намойиш этмоқда. 32 ўйинда атиги 4 бор клуб муроса кўчасини танлаган. Ўз уйидаги барча ўйинларда 3 очко қўлга киритилган.

• Ҳозирда, чемпионатдаги энг кўп голни айнан Жеррард шогирдлари киритган. 77 аниқ зарба бергани етмагандек, “Рейжерс” гол ўтказиб юбормаслик бобида ҳам мақтана олади. Бутун мавсум давомида атиги 9 бор клуб дарвозаси ишғол қилинган.

• “Рейнжерс” клуби сўнгги 10 йил ичида илк бор чемпионликни қўлга киритди. Бундан бир неча йил аввал клуб банкрот, деб эълон қилинган эди.

• Бу “Рейнжерс” учун юбилей 55-чемпионлик саналади. Шу кунга қадар бирорта клуб ўз чемпионатида бу қадар кўп ғолиб чиқмаган.

• Бу Стивеннинг мураббийлик фаолиятидаги илк соврин саналади.

“Рейжерс” фанатлари қанчалар истамасин, пандемия сабабли чемпионликни нишонлашнинг имкони бўлмади. Шундай бўлсада, Жеррард мухлислар билан бир неча сонияга бўлсада, хурсандчилигини баҳам кўрди. Эртаси куни Стивен клуб расмий сайти орқали барчадан уйида чемпионликни нишонлашини илтимос қилди. Aлбатта, ҳеч ким унинг сўзларига қулоқ солмади.

“Ливерпуль”да уни кўрмаймиз?!

фафа12

Мураббийлик фаолиятини ёрқин ғалаба билан бошлагач, кўплаб мерсисайдликлар Жеррардни ортга қайтариш ҳақида фикр билдиришни бошлади. Бу шовқинга “Энфилд” афсонаси – Жейми Каррагер ҳам қўшилди. Футболчи собиқ жамоадошини яна “Ливерпуль”да кўрмоқчи эканлигини айтди. Кўп ўтмай “Ливерпуль” расман Юрген Клоппни ишдан олмаслигини эълон қилди. Клуб немис мутахассисига ҳар қандай ҳолатда ҳам ишлаш учун тўлиқ имконият яратиб бермоқчи.

Яқиндагина Йоахим Лёвнинг Германия постини топшириши ҳақидаги маълумотлар пайдо бўлди. Ушбу хабар омма юзини кўргач, барча Юрген Клоппнинг "Бундестим" тепасига келиши ҳақида фикр билдира бошлади. Мураббий эса, ўз вақтда бу миш-мишларга нуқта қўйди.

“Мен ёзда ёки кузда ҳам терма жамоа бошқарувини қўлимга олмайман. Ҳозирда “Ливерпуль” билан 3 йиллик шартномага эгаман. Шундай экан, бор эътиборимни клуб ишларига қаратмоқчиман”.

Стивен Жеррарднинг ўзи ҳам келажак режалари ҳақида фикр билдирди. Мураббий Юрген Клоппнинг ўрнини эгалламоқчи эмаслигини очиқчасига тан олди.

“Жамоа мухлисларининг аксарияти мени бош мураббий сифатида жамоага келишимни истамайди. Улар Юрген Клоппга охиригача имконият бериш тарафдори. Мен ҳам уларнинг қарорини қўллаб-қувватлайман. Ҳозирда, “Ливерпуль”ни сайёрамизнинг энг кучли мураббийи бошқармоқда. Мен унинг узоқ йиллар давомида жамоамизни бошқаришига тилакдошман. Ҳозирда “Рейжерс” сафида ўзимни бахтли ҳис этяпман. Тўғри, “Ливерпуль” мураббийи бўлиш менинг орзуйим, бироқ ҳозир эмас. Боз устига, бу иш учун лойиқ эканлигимни билмайман. Мен биринчи навбатда Юргенни олдинда улкан ғалабалар кутиб турганига ишонаман. Шундай экан, ҳаммамиз ўз ишимизни қилганимиз яхши”.

Aввал бошида Жеррард билан 4 йиллик шартнома тузилган эди. Бир ярим йилдан сўнг, уни 2024 йилга қадар узайтирди. Қаҳрамонимиз ўзини Глазгода жуда яхши ҳис этмоқда. У билан замондош бўлган Френк Лэмпарддан фарқли ўлароқ, Жеррард севимли жамоасига мураббий сифатида қайтишга шошилмаяпти.

Статистика ҳам Жеррард томонида эмас?!

афаф

“Энфилд” эгалари учун ўз футболчиларини мураббий сифатида клубга жалб этиш одатий холат. Билл Шенкли бошлаб берган анъанадан сўнг, жамоа постида ишлаганларнинг ярми собиқ “Ливерпуль” аъзолари саналади. Улар орасидаги энг омадли тайинлов сифатида Боб Пейслини кўрсатиш мумкин. Боб клуб билан 9 йил ичида 20 та совринни ютган. Ундан кейин Кенни Далглиш омадли равишда фаолият олиб борди. Мураббий қўл остида жамоа 3 бор Aнглия чемпиони унвонига эга чиқди.

90 йилларда жамоа ўз тарбияланувчиларига суянган бўлса-да, бу омад олиб келмади. Грем Суннес ва Рой Эвенс даврида клуб совринларсиз қолиб кетди. Бундан тўғри хулоса чиқарган раҳбарият Жерар Улее ва Рафа Бенитесни клубга таклиф қилди. Ушбу мутахассислар даврида жамоа халқаро ва ички мусобақада анча ўзини тиклаб олди, Европа Чемпионлар лигасида зафар қучди.

Бундан кўриниб турибдики, замонавий футболда жамоа афсонаси бўлишнинг ўзи мураббийлар учун камлик қилади. Боз устига, Юрген Клопп бошқариб бораётган жамоани қабул қилиб олиш учун каттагина сабаб бўлиши керак. Ҳозирча, Шотландия чемпионлиги бунинг учун камлик қилади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!