"Комо" вингерини Англиянинг икки клуби чақиряпти
Италиянинг «Комо» жамоасида тўп суриб келаётган фланг ҳужумчиси Ассане Диао Англия премьер-лигасининг икки клуби диққат марказига тушди.
Бу ҳақда футбол бўйича инсайдер маълумотлари билан танилган журналист Николо Скира хабар берди.
Манбага кўра, «Комо» 20 ёшли сенегаллик футболчини осонликча қўйиб юбориш ниятида эмас. Клуб Диао бўйича таклифларни фақат тахминан 60 миллион евро атрофидаги сумма учун кўриб чиқишга тайёр.
Шу билан бирга, Transfermarkt портали маълумотларига кўра, вингернинг бозор қиймати 30 миллион евро деб баҳоланган, яъни клуб сўраётган миқдордан икки баробар кам.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йил январь ойида «Комо» Ассане Диаони «Бетис» клубидан 12 миллион еврога сотиб олган эди. Шундан бери у жамоа сафида 35 та учрашувда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини 10 марта ишғол этди ва яна 2 та голли узатма муаллифига айланди.

Фикрлар