Кураш Европа ва океан ортини забт этмоқда!
Яқинда Литванинг Вильнюс шаҳридаги “Sostines Taures” спорт мажмуасида кураш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун халқаро турнир бўлиб ўтди. Унда эркаклар мутлақ вазн тоифасида, аёллар эса +55 кг вазнда ғолиблик учун гиламга чиқишди.
Европа қитъасининг 15га яқин давлатидан полвонлар иштирок этган кураш мусобақалари жуда қизғин кечди. Мусобақа Ўзбекистон кураш федерацияси ҳомийлигида Литва кураш федерацияси томонидан ўтказилди.
Жорий йилнинг сентябр ойи ҳақиқий маънода дунёнинг турли мамлакатларини кураш мусобақалари билан бойитди, десак муболаға бўлмайди. Кураш ойлиги доирасида Таиланд, Литва, Руминия, АҚШ каби давлатларда ташкил этилган мусобақаларда “кураш”, “чала”, “ёнбош”, “дакки”, “ғирром” каби соф ўзбекона сўзлар баралла янгради. Бу орқали дунёнинг турли бурчакларида бизнинг миллий қадриятларимиз ва урф-одатларимиз тарғиб қилинди.
Қуйида Литвада ўтказилган кураш мусобақаси ғолиблари билан танишинг:
Эркаклар, мутлақ вазн тоифасида
- Алексей Лсенка – Польша,
- Мартин Патрики – Польша,
- Костас Буткус – Литва,
- Юрий Ткаченко – Финляндия.
Аёллар
+55 кг вазн тоифасида
- Дала Майконете – Литва,
- Лолита Обалевика – Литва,
- Валерия Смалиаха – Украина,
- София Шишан – Украина.
Уммон орти АҚШда эса илк бор Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказилган халқаро кураш турнири ҳам байрамона руҳда ташкил этилди. Филаделфия шаҳрининг энг йирик спорт анжуманларига мезбонлик қиладиган “Vels Fargo” мажмуасига йиғилган меҳмонлар чинакамига ўзбек спорти ўзида ҳалоллик, бағрикенглик, олижаноблик каби умумбашарий хислатларни жамул-жам этганига гувоҳ бўлишди.
Кураш мусобақалари бошланишидан аввал ўзбек санъаткорлари ижросида янграган қўшиқлар тадбирни ҳақиқий маънода спорт ва санъат байрамига айлантирди.
Шундан сўнг, дунёнинг 20 га яқин давлатидан келган полвонлар гиламда куч синашишди. Кураш гиламидаги ҳар бир беллашув соф ўзбекона атамалар билан баҳолаб борилди.
“Сеҳрли диёр” дея аталмиш АҚШ осмонида кураш, ҳалол, ғирром, ёнбош, чала садолари баралла янгради ва Ўзбекистон номини кўкларга кўтарди.
Филаделфия шаҳрида жойлашган “City Hall” мажмуасининг тарихий саройида Ўзбекистон кураш федерацияси ва АҚШ анъанавий спорт ўйинлари ташкилоти ўртасида уммон ортида ўзбек курашини оммалаштириш ва тарғиб қилишга доир меморандум имзоланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун кураш бўйича халқаро турнир айни шу ташкилот билан эришилган ҳамкорликнинг илк дебочаси бўлди, десак муболаға қилмаймиз. Энг муҳими, бу ҳамкорлик курашни халқаро Олимпия ўйинлари қаторидан жой олиши йўлида қўйилган дадил қадам бўлди.
Филаделфия турнирида барча рақибларини мағлуб этиб, елкаси ерга тегмаган грузиялик полвон Георги Кациашвили Ўзбекистон Республикаси Президенти совринига сазовор бўлди. У Болгария ва Туркияда бўлиб ўтган турнирларда ҳам иштирок этиб, кураш илмини мукаммал эгаллаганини намойиш этди. Якунда ғолибларга медаллар ҳамда пул мукофотлари тантанали равишда топширилди.
АҚШда кураш тарғиботи дастурлари давом этмоқда. Ню-Ёрк шаҳрининг Манхеттен мавзесида жойлашган “Central Park” ҳамда Лос-Анжелес шаҳрида жойлашган “Griffits” паркида курашнинг бор жозибаси акс этган маҳорат дарслари ҳам бўлиб ўтади.
Дастурдан АҚШнинг Кембриж шаҳридаги дунёга машҳур Гарвард университети билан ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида музокаралар ўтказиш ҳам ўрин олган.
16 сентябрь куни Филаделфия шаҳрида бўлиб ўтадиган “Ўзбекистон кунлари” доирасида курашнинг кўргазмали чиқиши ва тақдимотлари ҳам ўтказилади.
Фикрлар