Кураш қизғин кечди

TIGGO 2 PRO

Волейбол бўйича эркаклар терма жамоалари ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати 1-тур ўйинлари якунланди.

Етти кун давом этган мамлакат чемпионатида 20 та жамоа тўртта гуруҳга бўлинган ҳолда совринли ўринлар учун кураш олиб борди.

Ўтказилган баҳслар нафақат спортчилар, балки мураббийлар, мусобақа ҳакамлари, Ўзбекистон волейбол федерацияси мутахассислари учун катта мусобақалар олдидан тажриба ошириш, маҳорат ва кўникмаларни шакллантириш вазифасини ўтади.

Ўзбекистон чемпионатларини ўтказиш ва ташкил этиш бўйича тасдиқланган низомга мувофиқ, 1-турда ҳар бир гуруҳда 1-4-ўринларни эгаллаган жамоалар жорий йилнинг апрель ойида Жиззах шаҳрида бўладиган мамлакат биринчилигининг 2-турида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритади.

Гуруҳлардаги вазиятга эътибор қаратсак, ўз гуруҳларида ғолибликка эришган “Матонат”, “Роад Патрул”, “Ўзтелеком” жамоалари барча учрашувларни ғалаба билан якунлади.

Сербиялик мураббий Моро Бранислав қўл остидаги Ўзбекистон U19 терма жамоаси мамлакат биринчилигида 3 та ғалаба, 1 та мағлубият эвазига ўз гуруҳида ғолибликка эришгани чемпионатнинг ўзига хос шов-шувли натижаси бўлди, дейиш мумкин.

Шунингдек, волейбол бўйича ўтган йил Ўзбекистон чемпионлигига эришган Олмалиқнинг “ОКМК” жамоаси бу йилги баҳсларни ўта паст кўрсаткич билан бошлади. Ўтказилган 4 та ўйиннинг 3 тасида мағлубият, 1 тасида ғалабага эришган олмалиқликлар учун кейинги турлар янада қийин бўлиши тайин.

Пойтахтимиздаги “Жар” спорт-соғломлаштириш мажмуаси ва Тошкент транспорт университети мажмуаларида ўтказилган ҳар бир учрашувнинг юқори даражада ташкил этилишида чемпионат бош ҳаками Фарҳод Алимов етакчилигидаги мутахассисларнинг алоҳида хизматлари бўлди.

Кеча мамлакат чемпионати 1-тур ўйинлари сўнгги давра баҳсларида Фарғонанинг ФарДУ, "Ўзтелеком", Бухоронинг БухДУ, Наманганнинг “Парвоз”, ва “Мудофаа” жамоалари ғолибликка эришди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон чемпионатининг 2-тур ўйинлари 23-30 апрель кунлари Жиззахда ўтказилади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!