Легионеримиз Туркияда!

Россия Миллий футбол лигасида “Томь” жамоаси шарафини ҳимоя қилаётган ўзбекистонлик футболчи Виталий Денисов чемпионатнинг иккинчи қисмига Туркиянинг Сиде шаҳрида тайёрланмоқда.

“Томь” жамоаси айни пайтда 26 та учрашувда 17 очко жамғариб, 21-поғонада боряпти. Клуб раҳбарияти кузда жамоа таркибида жиддий ўзгаришлар қилганига қарамай, “Томь” хавфли ҳудуддан чиқа олгани йўқ. Ҳатто ўтмишнинг машҳур футболчиси бўлган Александр Кержаков ҳам бош мураббий сифатида жамоани инқироздан олиб чиқа олмаяпти.

123b522d6030ab54df1b64c6a74482a15f59fce24a286254895292

“Томь” жамоаси матбуот котиби Сергей Смирнов жамоа раҳбариятини фақатгина беш нафар футболчининг ўйини қониқтираётганини маълум қилди.

- Жамоа таркибидаги фақат беш нафар футболчига ҳеч қандай эътироз йўқ – булар Виталий Денисов, Ричлорд Эннин, Чиди Осучукву, Евгений Баляйкин ва Денис Давидов. Бу ўйинчилар аслида Миллий футбол лигаси даражасидан анча юқори ва жамоамизнинг асосини ташкил этади. Агар улар сафимизда августдан бошлаб ўйнаганида, ҳозир натижалар умуман бошқача бўларди, - деб таъкидлади Сергей Смирнов.

Россиянинг машҳур жамоаларидан бўлган ва ўз вақтида премьер-лигада муносиб қатнашган “Томь”ни янада қуйи лигаларга тушиб кетмаслиги учун клуб раҳбарияти қишки ўқув-машғулот йиғинларига катта эътибор қаратмоқда.

Александр Кержаков бошчилигидаги мураббийлар штаби Туркияда 18 январдан бошланган илк йиғинга асосий таркибнинг 18 нафар футболчисини жалб этди. Шунингдек, яна саккиз футболчи жамоа кўригидан ўтиш учун таклиф этилган.

Дарвозабонлар: Дмитрий Арапов Евгений Конюхов, Никита Зубчихин;

Ҳимоячилар: Виталий Денисов, Илья Зуев, Илья Калачев, Иван Лапшов, Давид Мильдзихов, Даниил Пенчиков, Антон Синяк;

Ярим ҳимоячилар: Иван Андреев, Олег Леонов, Александр Сакович, Артем Симонян, Денис Талалай;

Ҳужумчилар: Денис Давидов, Максим Дмитриев, Ричлорд Эннин.

“Томь” жамоасининг биринчи йиғини 30 январга қадар давом этади. 22 ва 29 январь кунлари томсклар иккита синов назорат учрашувини ўтказиши режалаштирилган. Ҳозир муносиб рақиб қидирилмоқда. 2 февралдан Туркиянинг ўзидан иккинчи ўқув-машғулот йиғинларига киришилади.  

4a4f_242033_2

Виталий Денисов Миллий футбол лигасининг энг совриндор футболчиси ҳисобланади. Тажрибали легионеримиз фаолияти давомида премьер-лигада ЦСКА, “Локомотив”,  “Крилья Советов”, “Рубин” каби жамоалар шарафини ҳимоя қилган. “Армиячилар” сафида икки марта мамлакат кубоги соҳиби ва УЕФА кубоги ғолиби бўлган. “Локомотив”да Россия чемпионатининг олтин ва бронза медалларини, икки марта мамлакат кубогини қўлга киритган.

2020 йилнинг сентябрь ойида “Томь” жамоаси таркибига қўшилган Виталий Денисов жорий мавсумда 10 та учрашувда майдонга тушди. Унинг томскликлар билан шартномаси мавсум охиригача имзоланган.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)