“Лион” - “Бавария”: превью
Кечаги “Лейпциг” - ПСЖ учрашувидан сўнг, икки хил тахмин уйғонмоқда: ёки “Атлетико” жуда ёмон ҳолатда эди ёки немислар ярим финалнинг ўзиданоқ хурсандлар. Албатта, иккинчи фикр муболаға билан айтилмоқда. Бироқ ростдан ҳам Нагельсманн жамоасидан мухлислар кўпроғини кутганди. Яна бир фараз мавжудки, барча ва ҳатто 33 ёшли мутахассиснинг ўзи ҳам жамоасига ишониб қолди. 56-дақиқада етакчи футболчилардан ҳисобланган Дани Ольмонинг захирага олиниши ҳам шунинг исботидек кўринмоқда. Олмонинг мураббий томонидан алмаштирилиши унинг трансфер нархини тушириб юбормаслик мақсадида қилинган, деб изоҳлашимиз ҳам мумкин. Хуллас, фаразлар бизни турли важлар томон олиб боради. Воқеа шундан иборатки, “Лейпциг” мағлуб бўлди. Бу бир тарафдан финал афишасини кўтариши мумкин. Чунки, бугунги учрашувда хоҳлаймизми, йўқми, “Бавария” фаворит ва улар жорий йилда фантастик тарзда ҳаракат қилмоқда. Уни устига “Лион” футболчилари ПСЖга битта финални бой бериб улгурган. Ушбу қарама-қаршилик юзага келган тақдирда чемпион жамоа мавсумни идеал ва мукаммал ўтказган бўлади. Биз эса ҳар доимгидек, ушбу баҳсдан интрига қидирамиз.
“Лион”
Французлар ҳайратда: “Яна нима қилайлик сизларни ўз кучимизга ишонтириш учун?!” Дарҳақиқат, Руди Гарсия шогирдлари “Ювентус” ва “Манчестер Сити”га қарши учрашувлардан олдин ҳам яққол аутсайдер сифатида кўрилаётган эди. Очиғи, “Лион”нинг иккинчи рақамда эканини эътироф этган ҳолда, уларни бугунги учрашувда ҳеч қандай имконияти йўқлиги ҳақидаги фикрларга ҳам қўшилмаган бўлардим. “Бавария” “Барселона”га 8 та гол ургани билан бу ушбу учрашувда аҳамиятга эга эмас, деб айтаман. Сабаби, мана кўриб турибмизки, каталонияликлар ич-ичига ўтказиб юборган ярани мюнхенликлар кўрсатиб қўйди. Энди улар буткул кесиб, тозалаб ташланмоқда.
“Лион” эса ҳамон сирли ва залворли қадамлар билан давом этмоқда. Бугун улар финал учун курашади. Ҳа, ҳақиқатдан ҳам улар бугун “Бавария” билан нимадир содир этишга урунишади. Ёки оламшумул сенсация ва ғалаба, ёки кутилган мағлубият ва нисбатан омадли мавсум. “Бавария” қўрқиши керак бўлган жиҳат ҳам шундан иборат: “Лион”нинг мағлубияти фожиа эмас.
Тахминий таркиб: Лопеш, Денайер, Марсело, Марсал, Дюбуа, Какере, Гимарайнеш, Ауар, Корне, Депай, Дембеле.
“Бавария”
5 карра ушбу турнир чемпионига айланган жамоа жорий мавсумда 6-кубокни требл орқали қўлга киритиши мюнхенликлар мухлислари учун нақадар қувончли бўларди. Воқеалар шунга қараб кетаётгандек ҳам. Флик тузган жамоада энг заиф нуқта марказий ҳимоя. Аммо ярим ҳимоя фантастик даражада. Улар исталган ҳужумни қанотларга сиқиб қўя олади. Иккала қанотдаги ёш ва тезкор футболчиларни ортда қолдириб кетиш Мессига ҳам насиб этмади. Бир жиҳатдан, “Лион” ўта сабрли жамоа. “Челси” ва “Барселона”га бутун учрашув давомида ҳимояланиб, вазиятини кутиш учун ном ва ғурур масаласи ҳалақит беради. Французлар эса ҳозирги ҳолатдан қониқиш хосил қилса арзийдиган натижага эришиб бўлди ва Европа грандига қарши ҳар қандай услубда ишончли қаршилик кўрсатиш уларнинг мақомини яна бир карра кўтаради. “Бавария” - машина. Техника эса исталган вазиятда қайсидир мурвати ҳисобига ишдан чиқиши мумкин.
Тахминий таркиб: Нойер, Киммих, Боатенг, Алаба, Девис, Горецка, Тьаго, Перишич, Мюллер, Гнабри, Левандовски.
Мураббийлар
Руди Гарсия: “Иштаҳа тановвул пайтида келади. Бизда айнан шундай ҳолат кузатилмоқда. Финалга чиқиш учун энг яхши ҳолатдаги ўйинимизни намойиш этишимиз талаб этилади, холос. Бу “Бавария”га ҳам боғлиқлиги аниқ. Аммо биз ўз даражамизни кўрсатишимиз керак. Улар яхши шаклланган жамоа, аммо ҳеч бир клуб идеал эмас. Тўпни яхши назорат қилиш ва чиройли комбинациялар орқали нимагадир эришишимиз мумкин. Ўзимизга ишонишимиз зарур”.
Ханс-Дитер Флик: “Мен жамоамдаги ҳолатдан мамнунман, футболчилар ўртасидаги муносабатлар, машғулотлардаги атмосфера ажойиб даражада. Мен роҳат билан ишламоқдаман. Сабаби, футболчиларим барча жиҳатдан етук шаклланган. Аммо ҳамма билиб турганидек, бизни 0-0 ҳисоби билан бошланувчи 90 дақиқалик ўйин кутиб турибди. “Барселона”га қарши ўйинда бўлганидек иштиёқ билан ўйнашимизни хоҳлайман”.
Хулоса ўрнида
Барча футбол мухлислари англаб турганидек, бугун “Бавария” кўп жиҳатдан “Лион”дан устун. Французларга 2 марта кўмак берган мўжиза бугун яна содир бўлмаслигига ҳам ҳеч ким кафолат бера олмайди. Фикримча, ҳимоявий “Лион”га қарши “Бавария” голларни қалаштириб ташлай олмайди. Яъни, бугунги учрашувда хоккейга хос ҳисоб қайд этилмаса керак. Биринчи 30 дақиқаликда гол уриб олган тақдирда мюнхенликлар шоуни бошлаб юбориши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Мўжизалар мавсумида учрашувлар олдидан тахмин билдириш ҳам қийин. Аммо барибир “Бавария” ғалабаси беллашув тақдири мантиқан ривожланган тақдирда кузатилиши керак. Фавқулодда ҳолатлар бундан мустасно.
Абдулвосид Валихонов тайёрлади
Фикрлар