"Ливерпуль" вундеркиндни "Реал" ва "Барса"га бермайдиган бўлди
Англиянинг машҳур клуби «Ливерпуль» раҳбарияти 18 ёшли вингер Рио Нгумоха билан янги шартнома борасида принципиал келишувга эришди, деб хабар бермоқда TEAMtalk манбаси.
Маълумотларга кўра, яқин кунлар ичида ёш футболчи янги битимга имзо қўяди. Шундан сўнг мерсисайд клуби келишув ҳақида расман эълон қилиши кутилмоқда. Ҳозирча томонлар фақат айрим майда-чуйда жиҳатларни келишиб олишмоқда. Янги шартнома шартлари Нгумоханинг жамоада ортиб бораётган ўрни ва аҳамиятини акс эттириши айтилмоқда.
Ёш англиялик футболчига қизиқиш билдираётганлар орасида «Реал» ва «Барселона» каби гранд клублар ҳам бор. Аввалроқ унинг эҳтимолий трансфери «Бавария» билан ҳам боғланган эди. Шунга қарамай, Нгумоханинг ўзи фаолиятини «Энфилд»да давом эттириш ниятида экани қайд этилмоқда.
Вингер 2024 йили «Челси» таркибидан «Ливерпуль»га ўтган. У мерсисайд клуби асосий жамоаси сафида 16 ёш ва 135 кунлик пайтида дебют қилган.
Клуб мутахассислари Нгумоханинг тезлиги, дриблинги ва рақибни бирга бир вазиятларда осон енгиб ўтиш маҳоратини алоҳида қадрламоқда.

Фикрлар