“Ливерпуль” дарвозабонига олис юртдан чорлов бўлди
Вақтида кетган маъқул
Бразилиянинг «Фламенго» клуби «Ливерпуль» дарвозабони Алиссонни жамоага таклиф қилишдан манфаатдор.
Алиссоннинг «Ливерпуль»дан кетиши мумкинлиги ҳақида ўтган ёздаёқ хабарлар тарқалган эди. Бироқ «қизиллар» навбатдаги тажрибали футболчисини йўқотишга тайёр эмасди. Бунинг устига, клуб Муҳаммад Салоҳ ва Энди Робертсон билан ҳам хайрлашган эди.
Келаси ёзда «Ливерпуль» Алиссоннинг кетишига тўсқинлик қила олмаслиги мумкин. Чунки 34 ёшли дарвозабоннинг шартномаси мавсум охирида тугайди, ҳозирча эса янги битим тузиш ҳақида гап-сўз йўқ.
Sport Witness маълумотига кўра, «Фламенго» раҳбарияти орасида Алиссонни жамоага таклиф қилиш ғояси муҳокама қилинмоқда. Бироқ бу масалада ҳозирча ягона фикрга келинмаган.
Эркин агент мақоми, маҳорати ва тажрибаси Алиссонни жамоа учун идеал харидга айлантириши мумкин. Бироқ «Фламенго» молиявий жиҳатдан мураккаб вазиятда турибди ва тажрибали дарвозабоннинг маошини тўлашга қурби етмаслиги мумкин.
Алиссонга унинг собиқ клуби «Интернасьонал» ҳам даъвогарлик қилмоқда. Бироқ ушбу жамоа Бразилиянинг иккинчи дивизионига тушиб кетиш хавфи остида. Бу эса «Фламенго»нинг «Ливерпуль» юлдузини қўлга киритиш имкониятларини ошириши мумкин.

Изоҳлар (0)