“Манчестер Юнайтед” - “Тоттенхэм”: Превью

АПЛ грандлари ўзаро беллашувга деярли бир хил ҳолатда етиб келмоқда. Шунингдек, “Тоттенхэм”ни “Олд Траффорд”га Моуриньо бошлаб келяпти. Бу ҳам ўйинга бўлган қизиқишни яна бир карра оширади. МЮ ўтган турни ғалаба билан якунлади. Аммо “Брайтон”га қарши учрашувни Сульшер шогирдлари улкан омад эвазигагина юта олди. Троссард бошлиқ “чайкалар” жамоаси шу куни рекорд миқдорда дарвоза тўсини ва устунини нишонга олишга эришди. “Қизил иблислар” мухлислари бу каби ожизона ғалабадан мамнун эмаслиги аниқ.
“Тоттенхэм”да ҳам ишлар жойида эмас. Лига кубоги ўз йўлига. АПЛда кераксиз вазиятларда очко йўқотилмоқда. “Ньюкасл”га қарши беллашувнинг катта қисмида ҳисобда олдинда борган “шпорлар” якунда ғалабани бой берди. ВАРнинг қароридан норози бўлган Моуриньо яна майдонни ҳафсаласи пир ҳолда тарк этди. Аслида, лондонликлар мана шу дурангга мос ҳаракатларни амалга ошираётган эди. Гранд жамоа 1:0 ҳисобига ишониб, тўпни орқа чизиқда ушлаб туриши ҳеч қанақасига оқланмайди.
Демак, муаммолар гирдобидаги икки гранд ўзаро беллашади. Ким ночорроқ аҳволда?

photo_2020-10-04_18-45-46

“Манчестер Юнайтед”

Сульшер Санчони тушларида ҳам кўриб чиқаётган бўлса керак. Аммо трансферлар ойнаси ёпилиш арафасида эканини инобатга олсак, у тобора саробга айланмоқда. Хўш, манкунианлар ушбу ёзда фақат Ван де Бек харидини амалга оширди, холосми? Сўнгги хабарларга кўра, Эдинсон Кавани Манчестерга учяпти ва трансфер ойнаси якунигача янги жамоаси билан шартнома имзолайди. Бу Ибрагимовичнинг “Манчестер Юнайтед” таркибига келишини ёдингизга солмаяптими? Златан манкунианларга Европа Лигаси ғолиблигини олиб берди. Уругвайликнинг қўлидан нима келади, буни биргаликда кузатамиз.

Тахминий таркиб: Де Хеа; Уан-Бисакка, Линделёф, Магуайр, Шоу; Погба, Матич; Гринвуд, Фернандеш, Рэшфорд; Марсьяль.

photo_2020-10-04_18-42-27

"Тоттенхэм"

Трансфер ойнаси якунига яқин анча фаоллашган лондонликлар “Бенфика”дан Карлос Винисиусни ҳам олиб келди. Даниэль Левидан бу қадар сахийликни яқин орада кўрмагандик. Аммо Моуриньо фалсафасида бу юлдузлар қанчалик фойда келтира оларкин?! “Тоттенхэм”га келган пайтда португалиялик мутахассис аввал йўл қўйган хатоларидан хулоса чиқарганлигини айтиб ўтганди. Аммо натижалар бунинг аксини кўрсатяпти. У автобусдан воз кечди, эвазига ундан яхшироқ услубни яратмади. Ғалабалар Кейн, Сон ва Моура каби ижрочилар маҳорати эвазига келмоқда. Унинг курсиси қимирлаб қолгани ҳақида инглиз матбуоти аллақачон бонг урмоқда. Бундай гап сўзларга чек қўйиш учун “Манчестер Юнайтед” етарлича жиддий рақиб.

Тахминий таркиб: Льорис; Доэрти, Санчес, Дайер, Дэвис; Хёйберг, Уинкс; Моура, Алли, Бергвейн; Кейн.

photo_2020-10-04_18-47-42

Мураббийлар

Оле-Гуннар Сульшер: “Натижа доим сизга хотиржамлик тақдим этади. Ўйинимизни кучайтирганимиз сари яхшироқ натижаларга эриша борамиз. Футболчиларим тобора яхшироқ формага чиқиб бормоқда. Шу жиҳатдан, “Тоттенхэм”га қарши беллашувдан фақат ғалаба кутяпман. АПЛдаги ҳар бир учрашувга жиддий ёндашмаслик, мураббийнинг энг катта хатоси бўлади”.

0_GettyImages-1144516211

Жозе Моуриньо: "Биз жуда яхши ҳолатдамиз ва ўйинимиз ҳам шунга яраша. Мен буни “Маккаби”га қарши учрашувнинг таъсирида айтмаяпман. АПЛда жуда қийин ўйинларни ўтказяпмиз. “Челси”га қарши биз кўрсатган футбол менга жуда ёқди. Бизни олдинда “Олд Траффорд”даги қийин синов кутиб турибди. Рақиб таркибида бир қатор кучли футболчилар бор. Қизиқарли футбол кўришимиз аниқ”.

jose_mourinho_tottenham_first_press_conference

Хулоса ўрнида

Жамоалар ўз тарихларида барча мусобақаларда жами 192 та баҳсда майдонга тушган. Табиийки, манчестерликлар ғалабалар сони бўйича олдинда (91 та). “Тоттенхэм” ҳисобида 51 та ютуқ бор. Шунингдек, 50 та тўқнашувда томонлар муроса кўчасини танлаган.
Бугун Жозе Моуриньо шогирдларида кичик устунлик бордек. “Манчестер Юнайтед” ёзги трансферлар ойнасида анча пассив ҳаракат қилди. “Тоттенхэм”нинг харидлари салмоқлироқ. Ҳа, юқорида айтиб ўтганимдек, уларда ҳам муаммоли ҳолатлар кўп. Бироқ, Сульшер олдида ҳал қилиниши зарур бўлган масалалар бисёр.

Абдулвосид Валихонов тайёрлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!