
"Машъал" устози: "Бу жамоада биринчи йил эмасман"
Суперлиганинг 16-туридан ўрин олган “Машъал” – “Пахтакор” (0:1) учрашувидан кейин муборакликлар устози Отабек Нарзуллаев матбуот анжуманида қатнашди.
- Ўйин қийин бўлишини билардик. “Пахтакор” яхши жамоа. Ўйлайманки, футболчиларимиз “Пахтакор” билан ўйинда яхши ҳаракат қилишди. Рақибни ғалаба билан табриклаймиз. Чиройли ўйин бўлди. Футболчилар билан яна камчиликлар устида ишлаймиз. Менга ёққан томони, ўйинчиларимиз охиригача курашишди. Ҳа, хатолар бизни – футболчиларни ҳам, мураббийларни ҳам ўсишга ундайди. Жароҳатидан қутуладиган ўйинчиларимиз қўшилишса, кейинги учрашувларда яхши натижа қилишга ҳаракат қиламиз.
- “Машъал”ни таркиби анча ёш. Жамоани ёшартиришга асосий сабаб нима?
- “Машъал” академияси бор. Ишлар яхши йўлга қўйилган ва яхши мутахассислар ишлашяпти. Қачондир ёшлар ҳам чиқиши керак. Академиямизга эътибор қаратамиз. Иккинчи даврада иложи борича ёшларни ўйнатишга ва ишонч билдиришга урғу берамиз. Академиямиз ишлаяпти ва бунинг натижаси бўлиши керак. Футболчилар яна ривожланиб чиқиши лозим. Насиб бўлса, катта футболчилар орқали ёшларга аста-секин имконият берамиз.
- Биринчи ўйинчи алмаштириш қанчалик ўзини оқлади? Голга ким айбдор?
- Голда ҳаммамиз айбдор. Қийин бўлишини билардик. Футболчиларимиз кўрсатмаларни 100 фоиз бажаришга ҳаракат қилишди. Ҳа, чарчоқ ўз сўзини айтади. Захира алмаштиришларига келсак, бу бизга ёрдам берди. Неча фоиз? Ўйинни кўриб кейин айтишимиз мумкин. Биз кўпроқ иккинчи зонада кутиб олдик.
- Жамоа билан машғулотларга қанчалик киришиб кетдингиз ва жамоа сизга қанчалик мослашди?
- Бу жамоада биринчи йил эмасман. Кўп йиллардан бери бирга ишлаганмиз. 2019 йили келган бўлсам, асосий жамоада ёрдамчи бўлиб ишладим ва ўринбосарлар жамоасида ҳам фаолият кўрсатдим. Раҳбариятга менга мана шундай масъулиятли вазифани ишониб топширишгани учун раҳмат. Қўлимиздан келган ҳамма нарсани қилишга ҳаракат қиламиз. Кейинги ўйинларга янада яхши тайёргарлик кўриб, мухлисларни хурсанд қиламиз.
Comments