Машҳур клуб бош мураббийни ишдан бўшатди
Ишончни оқламади
Швейцариянинг машҳур клуби «Базель» бош мураббий Стефан Лихштайнер билан шартномани бекор қилди.
Жамоа раҳбариятининг таъкидлашича, бундай қарорга клубнинг миллий чемпионатдаги ишончсиз ўйинлари сабаб бўлган. Вақтинча жамоани италиялик мутахассис Луиджи Ночетини бошқариб туради, шу билан бирга клуб янги бош мураббий қидиришни бошлагани хабар қилинмоқда, деб ёзади derbyderbyderby.it.
Янги мавсум бошланганидан бери Швейцария чемпионатида ўтказилган етти турда «Базель» уч марта ғалаба қозонди, уч бор мағлубиятга учради ва бир учрашувни дуранг билан якунлади. Мамлакат чемпионатида йиллар давомида етакчи бўлиб келган клуб учун бу кўрсаткич қониқарли эмас, дея баҳоланмоқда.
Шунга қарамай, Лихштайнер молиявий жиҳатдан зарар кўрмайди. Унинг шартномаси 2029 йилгача тузилгани учун клуб мураббийга келишув шартларига мувофиқ неустойка тўлаб бериши кутилмоқда.

Изоҳлар (0)