Машҳур мураббий ўзбек бокси ютуқларининг асосий омилларини айтди
Ўзбекистон бокс бўйича миллий терма жамоаси бош мураббийи Тўлқин Қиличев спортчиларнинг 2026 йилда Японияда ўтадиган Осиё ўйинларига тайёргарлиги қандай кетаётгани ҳақида гапириб берди.
«Ҳозир йиғинларимиз Ўзбекистонда ўтмоқда, Тошкентдамиз. Худога шукр, йигитлар ўзини яхши ҳис қиляпти. Ҳар бири ўзини яхши томондан кўрсатмоқда. Айтиш керакки, биз камчиликларни бартараф этиш устида ишлаяпмиз, йигитларга керакли даражага чиқишда ёрдам беряпмиз ва тайёргарлик жараёнини тўғри йўлга қўйганмиз.
Энг асосийси — ҳеч ким жароҳат олмасин, ўзини ёмон ҳис қилмасин, касалланмасин, соғлиқ билан боғлиқ муаммоларга дуч келмасин. Ҳозир биз учун энг катта хавотир шу. Ўйлайманки, оптимал спорт формасига чиқиш йўлида жиддий тўсиқлар бўлмайди. Фақат инсон омили бор — инсон билан турли нохуш ҳолатлар ёки ёмон аҳвол оқибатлари содир бўлиши мумкин. Мен шу каби кутилмаган вазиятларни назарда тутяпман.
Ишончим комилки, йигитларни керакли спорт формасига тўғри етаклаймиз ва Осиё ўйинларига ҳам тўғри тайёр ҳолда боришга эришамиз. Энди энг муҳими — Аллоҳ бизга Осиё ўйинларида омад ато этсин, муносиб иштирок этишни насиб қилсин. Биз фақат омад сўраймиз. Қолгани, қилган меҳнатимизга яраша, Аллоҳ омад берсин»,
— дея таъкидлади Қиличев. Унинг сўзларига кўра, терма жамоанинг сўнгги йиғинлари Японияда ўтади.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йилги Ёзги Осиё ўйинлари доирасидаги бокс мусобақалари 21 сентябрдан 2 октябргача бўлган муддатда ўтказилади. Осиё ўйинларига тайёргарлик доирасида Қозоғистон ва Ўзбекистон терма жамоалари аввалроқ икки марта қўшма ўқув-машғулот йиғини ўтказган: март ойида Қозоғистондаги «Алма-тау» базасида, май ойида эса Ўзбекистоннинг Янгиобод шаҳарчасида спарринглар ташкил этилган.
Якуний босқичда эса ҳар икки терма жамоа алоҳида тайёргарлик кўрмоқда: қозоғистонлик боксчилар Алмато вилоятидаги уй йиғинларини Хитой, Англия ва Ироқ жамоалари билан бирга якунламоқда, Ўзбекистон терма жамоаси эса ўз базасида машғулотларни давом эттирмоқда. Шундан сўнг ҳар икки жамоа Японияга йўл олади.

Фикрлар