Майкл Олисе "Реал"га ўтмайди

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Мюнхеннинг "Бавария" жамоаси вигери Майкл Олисе ёзги трансфер ойнасидан фойдаланиб мадридлик "Реал" сафига ўтмайди. 

Маълумотларга кўра, машҳур инсайдер Фабрицио Романо Олисенинг "Реал"га эҳтимолий трансфери ҳақида тарқалган хабарларни рад этган. Унинг таъкидлашича, "қироллик клуби" футболчи учун тахминан 150 миллион евро сарфлашга тайёр экани ҳақидаги маълумотлар фонида ҳам "Бавария" ўз етакчиларидан бири бўлган ўйинчи бўйича таклифларни кўриб чиқиш ниятида эмас.

Манбага кўра, мюнхенликлар раҳбарияти Олисени клубнинг яқин йилларга мўлжалланган лойиҳасида энг муҳим фигуралардан бири деб ҳисоблайди ва жуда катта миқдордаги таклифлар келиб тушса ҳам, уни сотиш режаси йўқ. Аввалроқ клубнинг фахрий президенти Ули Хёнесс ҳам шунга ўхшаш фикр билдириб, жамоани спорт жиҳатдан заифлаштириб қўядиган ҳар қандай трансфернинг маъноси йўқлигини айтган эди.

Қолаверса, Олисенинг ўзи ҳам "Бавария"ни тарк этиш истагини билдирмаган. Франция терма жамоаси аъзоси Мюнхенда ўзини қулай ҳис қилаётгани, жамоада муҳим ўрин тутаётгани қайд этилмоқда.

Аввалроқ оммавий ахборот воситалари "Реал"нинг Олисега қизиқишига сабаб сифатида ҳужумнинг ўнг қанотини кучайтириш режаларини келтирган эди. Бироқ Фабрицио Романо баёнотларидан сўнг, ҳозирча камида 2026 йил ёзигача бундай трансфер амалга ошиш эҳтимоли жуда паст деб баҳоланмоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!