Мбаппе: 300 шунчаки кулгили!
Килиан Мбаппе фаолиятидаги 300 талик довонни босиб ўтгани ҳақида гапирди.
Кеча ПСЖ ва Франция терма жамоаси ҳужумчиси Гибралтар билан ўйинда (14:0) хет-трик қайд этди. Унинг ҳисобида энди терма жамоада 46 та, “Монако” ва ПСЖда эса 254 та гол бор.
Мбаппе бу кўрсаткичга 25 ёшга тўлиши олдидан эришди. Мазкур ёшдаги унинг кўрсаткичи Лионель Месси ва Криштиану Роналдуникидан яхшироқ.
“Бу жараённинг фақат бир қисми. Фаолиятида 800 ёки 850 та гол урган футболчилар бор. Шундай қилиб, 300 шунчаки кулгили! Биз клубда ҳам, терма жамоада ҳам натижаларни яхшилаган ҳолда олдинга интилишда давом этишимиз керак”, - деди Мбаппе ўйиндан сўнг TF1 телеканалида.
Сентябрь ойида Роналду фаолияти давомида 850 та гол урган биринчи футболчига айланди. Унинг ҳисобида 1188 та ўйинда 858 та гол бор. Месси ҳисобида 1044та ўйинда 821та гол мавжуд.
Фикрлар