Мбаппе хитой халқидан узр сўради
Ўйламай гапириб қўйибди
Мадриднинг "Реал" клуби ва Франция терма жамоаси ҳужумчиси Килиан Мбаппе ўз сурати туширилган интернет-мемлар ҳақида айтган сўзлари ортидан келиб чиққан можаро учун Хитой халқига расман узр сўради.
Хитой оммавий ахборот воситаларига кўра, футболчи яқинда берган интервьюсида севимли интернет-мемлари ҳақида гапирар экан, Хитойга нисбатан ҳақоратли деб баҳоланган изоҳлар берган. Ғарб нашрлари ёзишича, Мбаппе ҳазил тарзида айтган изоҳи Хитой тарихидаги сиёсий арбоблардан бири билан боғлиқ мемга тегишли бўлган. Мазкур воқеадан сўнг Хитойнинг бир нечта йирик компаниялари футболчи билан тузилган реклама ва ҳамкорлик шартномаларини бекор қилди.
Хитой Марказий телевидениеси (CCTV)га қарашли барча янгиликлар иловалари эса Мбаппега оид материалларни платформаларидан олиб ташлади. Келиб чиққан вазият фонида Испания Ла Лигаси президенти Хавьер Тебас ҳам Хитой халқидан Мбаппе баёнотлари туфайли етказилган ранжиш учун узр сўради.
Футболчининг ўзи эса ижтимоий тармоқда чоп этган мурожаатида қуйидагиларни ёзди: «Яқинда берган интервьюмда мен ҳақимдаги интернет-мемларга муносабат билдирган эдим. Менинг шарҳим ўйламай айтилган бўлиб, ҳозир тушуниб турибманки, у Хитойда ва бутун дунё бўйлаб яшовчи хитойликларнинг кўпчилигига оғир ботган. Сўзларимдан ранжиганларнинг барчасидан узр сўрайман. Менинг мутлақо бундай ниятим бўлмаган. Хитой халқи ва унинг тарихини чуқур ҳурмат қиламан ва бўлиб ўтганидан чин дилдан афсусдаман», — деб ёзди Мбаппе ижтимоий тармоқда.

Изоҳлар (0)